Самарқандда ичимлик сувдан фойдаланишда замонавий технологиялар жорий этилади
Самарқанд вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонасида Самарқанд шаҳрида ичимлик суви таъминоти, сифати ва хавфсизлигини яхшилашга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда соҳага алоқадор вазирликлар мутасаддилари, корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда дастлаб шаҳарда ичимлик суви таъминоти бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Сўнгра янги тизимларни яратиш ҳамда иқлим ўзгариши хавфини баҳолаш бўйича Жаҳон банки экспертлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
– Биз Самарқандда аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш учун бир неча йилдан буён изланишлар олиб боряпмиз, – дейди Жаҳон банки эксперти Хидеки Мори. – Самарқанд Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳарларидан бири сифатида юқори туристик ва иқтисодий салоҳиятга эга шаҳар. Кейинги 40 йил ичида аҳолининг икки баробарга ўсиши прогноз қилинар экан, шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашда муаммолар юзага келаверади. Бу борада Зарафшон дарёси бўйида жойлашган "Чўпон ота" ва "Даҳбед" сув омборларидаги 172 та қудуқ имкониятларидан унумли фойдаланиш зарур. Шунингдек, тадбирда ичимлик сувидан унумли ва самарали фойдаланишнинг замонавий усулларига оид тушунчалар берилди.
Азиз ҚУРБОНОВ.