Самарқандда "Иссиқлик манбаи" ДУКнинг иккита қозонхонаси мукаммал таъмирланади

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, иссиқлик таъминоти 24 октябрдан бошланиши мумкин. Таъмирлаш ишларига 3 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ сарфланяпти.

Вилоят "Иссиқлик манбаи" унитар корхонаси мутасаддиларининг айтишича, ташкилот тасарруфида 12 та, жумладан, "РК-3"," Бульвар", "Кавалерийская"," Лоҳутий", "Ўзбекистон", "Дивизионная", "12-Мактаб", "Регистон"," Геофизика", "Бўстонсарой-34-а", "Г.Каримов", Нуробод тумани “Иссиқлик манбаи” ДУК қозонхоналари мавжуд.

Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК қозонхоналарини 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумига жорий ва мукаммал таъмирлаш учун 3,15 млрд. сўм маблағ ажратиш белгиланган. Дастур доирасида Самарқанд шаҳрида 2 та локал қозонхонада (2 та қозон алмаштириш) мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 1 дона замонавий локал қозонхона (2 та қозон ўрнатиш, 1,88 км. иссиқлик қувурлари ётқизиш) қурилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда қайд қилинган 2 та қозонхонада тегишли таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоят "Иссиқлик манбаи" ДУК мутасаддиларининг айтишича, таъмирланаётган қозонхоналарнинг бири вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасига, иккинчиси ҳокимлик биносига хизмат кўрсатади. Қолган қозонхоналар 22 та уй ва 6 та ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик билан таьминлайди.

Мутасаддиларнинг қўшимча қилишича, вилоятда иссиқлик манбаини узатиш 24 октябрдан бошланиши кутиляпти.