Самарқандда истеъмолчиларнинг қарийб 369 миллион сўми учун хизмат кўрсатилмаган

Жомбой туманидаги Аҳмаджон Қурбонов маҳалласида яшовчи Ғ.Исроилов томонидан туман газ таъминоти корхонаси томонидан фуқароларга маиший газ баллонлари 107-115 минг сўмдан сотилаётганлиги ҳақида мурожаат қилинди. Мурожаатда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги қарорига асосан, истеъмолчиларга янги маиший газ баллонлари бепул берилиши кераклиги қайд қилинган.

Дарҳақиқат, амалдаги тартибга кўра, газ таъминоти корхонасига истеъмолчининг аризаси асосида, балансида бўлган маиший газ баллонини вақтинча фойдаланишга бериш мажбурияти белгиланган. Бунда тўлов ундирилмаслиги ҳам қайд қилинган.

Аниқланишича, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали директори томонидан тасдиқланган нархномага асосан, жорий йил 15 июлдаги аҳоли хонадонига биринчи марта маиший газ баллони ўрнатиб ишга тушириш хизматининг нархи 112 минг 651 сўм миқдорида тариф белгиланган.

“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали томонидан истеъмолчилардан 2018 йилда бир дона маиший газ баллон ўрнатиш 57 минг 17 сўмдан, 2019 йилда 99 минг 535 сўмдан 106 минг 75 сўмгача, жорий йилда эса 106 минг 75 сўмдан 112 минг 651 сўмгача маблағлар ундирилган.

Истеъмолчиларга суюлтирилган газ баллонларни ўрнатиш бўйича далолатнома нусхалари тақдим этилмаганлиги сабабли, ҳудудий бошқарма ходимлари томонидан жорий йилнинг 19 сентябрь куни Жомбой туманидаги 13 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 44 та хонадон эгалари ўртасида сўров ўтказди.

Сўровда қатнашганларнинг барчаси суюлтирилган газ баллонларини олиш учун “Жомбой тумангаз таъминоти” бўлимига тўлов қилганликларини, лекин газ баллонларини ўзлари ўрнатиб олганликларини маълум қилди.

Демак, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг “Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташига, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас”лиги ҳақидаги норма бузилган.

Яъни, кўрсатилмаган хизмат учун “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали истеъмолчилардан 2018-2019 йиллар ва 2020 йилнинг январь-август ойларида 4082 та истеъмолчидан 368 миллион 997,2 минг сўм ҳақ ундирилган.

Шу сабабли ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилди. Махсус комиссия қарори билан филиал томонидан ундирилган асоссиз маблағларни истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича тегишли кўрсатма берилди.

Ж.АБДИНАЗАРОВ,

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси.