Самарқандда жамоат транспорти хизмати сифатини яхшилаш мақсадида қандай ишлар қилиняпти?

Вилоятда 173 та тадбиркорлик субъекти 4963 та транспорт воситаси билан, шунингдек, йўналишсиз такси сифатида 79 та корхона 415 та енгил автомашина билан, 21 минг 668 нафар фуқаро 22 минг 304 та транспорт воситаси билан аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Уларнинг 587 таси автобус, 160 таси микроавтобус, 2014 таси “Дамас” русумли лицензияланган транспорт воситалари ҳисобланади.

Вилоят Матбуот уйида вилоят транспорт бошқармаси ҳамда Транспорт назорати инспекцияси автомобиль ва сув транспортида назорат вилоят ҳудудий бўлими масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида вилоятда жамоат транспортининг ҳолати, йўловчиларга яратилаётган шароит ва қулайликлар ҳамда жорий йилги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Брутто-шартномаси ўзини оқлаяпти(ми?)

 Таъкидланишича, вилоятда жамоат транспорти хизмати сифатини яхшилаш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида автобуслар брутто-шартнома тизими бўйича ишлашга ўтказилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида шу тизим йўлга қўйилган. Брутто-контракт тизими ташувчи корхона ва назорат қилувчи орган ўртасида тузилади. Бунда ташувчи корхонага жамоат транспортига қўйилган талабларни, яъни йўналиш чизмасига тўлиқ риоя қилиш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, оралиқ интервалга амал қилиш, иш бошланиши ва тугаши тартибини бажариш вазифаси юклатилади.

- Жамоат транспортида автобусларнинг янгиланиши ҳамда хизмат сифатининг оширилиши натижасида Самарқанд шаҳрида бир кунда 400 мингга яқин йўловчига транспорт хизмати кўрсатилмоқда, - дейди вилоят транспорт бошқармаси транспорт ташувларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Маҳмуд Узоқов. – Жумладан, бошқармамиз муассислигидаги “Самарқандйўловчитранс” ДК балансидаги 100 та электробус брутто-шартномаси асосида 9 та йўналишга бириктирилган. Корхона томонидан жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар ўртача ҳисобда 9 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатилган. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида “Трамвай линияларини эксплуатация қилиш дирекцияси” ДК 2 та йўналишда, яъни 1-сонли “Темирйўл вокзали–Сартепа массиви” ва 2-сонли “Темирйўл вокзали–Сиёб бозори” йўналишлари орқали йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Ушбу корхона томонидан 2024 йил давомида жами 3 миллион йўловчи ташилган бўлса, жорий йилнинг бугунги кунига қадар 1,5 миллион йўловчилар трамвайлар хизматидан фойдаланди. Ҳозирда Самарқанд шаҳар автобус йўналишларидан 22 таси тендер танловлари асосида хизмат кўрсатиш истагини билдирган ташувчилар билан брутто-шартномаси имзоланди. Тизим асосида фаолият кўрсатаётган ташувчилар тегишли хизматлари учун молиялаштирилиб борилмоқда. Ушбу автобусларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш, ташувларда сифат даражасини кўтариш мақсадида “Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” давлат муассасасининг ишонч телефонлари ишга туширилган.

Йўлкиранинг табақалашгани электрон тўловни оммалаштирди

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, Самарқанд шаҳар жамоат транспортида йўлкира нархлари табақалашган тартибда амалга оширилмоқда. Яъни, нақд шаклда 3 минг сўм ва электрон тўлов 2 минг сўмни ташкил этади. Тизимдаги ушбу тафовут сабабли электрон тўловнинг оммалашувига эришилган. Хусусан, ўтган йилда жамоат транспорти фойдаланувчилари 17-20 фоиз йўлкира ҳақини тўлашган бўлса, 2025 йилнинг 1 июнь ҳолатига бу кўрсаткич ўртача 30-35 фоизга ўсган. Бу бир вақтнинг ўзида соҳадаги яширин иқтисоднинг олдини олишга ҳамда жамоат транспортидан фойдаланиш даражасининг аниқ миқдорини белгилашга хизмат қилмоқда. 2025 йилнинг якунига қадар Самарқанд шаҳар жамоат транспортини тўлиқ электрон тўлов тизимига ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, ҳозирда шаҳар атрофи йўналишларини ҳам электрон тўловга ўтказиш масаласи бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Яна 50 та электробус олиб келиниб, янги автобуслар йўналишларга чиқарилади

Самарқанд - Ўзбекистонда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг “Яшил шаҳарлар” дастурига қўшилган шаҳар ҳисобланади. Мазкур лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳар жамоат транспорти йўналишларида электробус олиб келиниб, йўналишларга чиқарилмоқда.

Вилоят транспорт бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шерзод Халиловнинг таъкидлашича, йил якунига қадар Самарқандга яна 50 та электробус олиб келинади. Маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб келиниши режалаштирилган 112 та замонавий автобус ва 80 та микроавтобус йўналишларга жойлаштирилади. Шаҳардаги 21 та йўналишга электрон тендер ўтказилиб, чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташиш босқичма-босқич брутто-шартнома асосида хизмат кўрсатилиши таъминланади. Шу билан бирга, Самарқанд туманида 2 та, Оқдарё туманида 1 та автостанция ташкил этилиб, Нарпай туманидаги автостанция реконструкция қилинади. Вилоятда жойлашган 1 та автостанция ва 34 та автобус бекатларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, жамоат транспорти учун 11,2 километр алоҳида йўлак ташкил этилади. Йўловчи ташувчи транспортлар етиб бормаган маҳаллаларда 12 та янги йўналишлар очилади.

Ноқонуний фаолият юритган ҳайдовчилар ва корхона масъулларига чоралар кўрилган

Транспорт назорати инспекцияси автомобиль ва сув транспортида назорат вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Эргаш Муродовнинг сўзларига кўра, ташкилот инспектор ходимлари томонидан жорий йилнинг январь-май ойларида вилоят ҳудуди бўйлаб вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан биргаликда олиб борилган хизматлар давомида 337 та рейд тадбири ўтказилиб, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган қоидабузар фуқароларга нисбатан 4768 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. 16 та йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган корхоналар текширилиб, 600 миллион сўм жарима жазоси тайинланган. 266 та йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган корхоналарда профилактика тадбирлари ўтказилган.

Бундан ташқари, Жомбой, Нуробод, Пахтачи ва Самарқанд туманлари ҳудудида катта ҳажмли ва оғир вазнли юк автотранспорт воситаларини назорат қилиш мақсадида 3 та кўчма тарози назорат пункти фаолият юритмоқда. Хизмат текшируви давомида 467 та автотранспорт воситаси кўздан кечирилиб, 337 тасида меъёридан ортиқ юклар борлиги аниқланган ва транспорт воситалари вақтинчалик жарима майдонига қўйилган.

Фазлиддин Рўзибоев.