Самарқандда Озарбайжон куй-қўшиқлари янграмоқда

Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида озарбайжонлик санъаткорлар иштирокида гала-концерт бўлиб ўтмоқда.

Унда  “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида фаол қатнашиб, гран-при соҳиби бўлган ва ғолиблар сафидан муносиб жой эгаллаган хушовоз хонандалар - Озарбайжон халқ артисти Симара Иманова, Озарбайжонда хизмат кўрсатган артистлар Забит Набизода, Парвиз Гасимов ва Соҳиб Пошшозода ўзларининг санъатларини намойиш этмоқда.

Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги маданий марказ томонидан ташкил этилган мазкур концертда Самарқанд вилояти,  шаҳар ҳокимлиги, озарбайжонлик меҳмонлар, қўшни Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларида яшаётган озарбайжонликлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ф.Тошев икки мамлакат ўртасидаги тарихий муносабатлар, дўстона алоқаларнинг юксак ривожи ҳақида гапирди. Тили, дини, маданияти, қадриятлари ўхшаш бўлган Озарбайжон Республикаси билан муносабатлар Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этиши, ушбу тадбир икки давлат ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва албатта, маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Концерт иштирокчилари қардош халқ куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлмоқда.

Бахтиёр Мустанов.