Самарқандда ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар қанча?

Шу йилнинг 1 октябридан бошлаб енгил автотранспорт эгалари такси хизмати билан шуғулланишлари мумкин. Бу Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги “Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Дарҳақиқат, энди ҳайдовчидан ташқари 4 тадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга енгил автомашиналар (“Дамас”лар эмас)да йўловчиларни ташувчилар ўзини ўзи иш билан таъминлаган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин.

Бунинг учун улар “такси”чилик фаолияти лицензия варақасига эга бўлиши зарур. Энди лицензия беришда машинанинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинди. Лекин бир йилда бир маротаба транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказишлари шарт.

Лицензия варақаси учун давлат божи йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари, яъни 300 минг сўм миқдорида ундирилади. Лицензия варақасида ҳайдовчининг фаолият кўрсатувчи ҳудуди кўрсатилади. Автомобилининг том қисмига “TAXI” белгиси ўрнатилади.

- Жорий йилнинг 12 октябрига қадар вилоят бўйича 2608 нафар фуқаро мана шундай тартибда гувоҳнома олди, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Саиджалол Ҳайдаров. - Жумладан, Самарқанд шаҳрида 1151 нафар, Самарқанд туманида 406 нафар, Тойлоқ туманида 133 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтди. Бу хизмат тури билан шуғулланувчилар ўзини ўзи банд қилган шахс ҳисобланиб, иш берувчига эга бўлмайди, ўзи ҳам ишчи ёлламайди. Уларга меҳнат стажи ва пенсия ҳисоблаб борилади.

Солиқ кодексининг 369-моддасига асосан, белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолиятидан олинган даромадлари солиққа тортилмайди. Улар йилда бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлашади. Шунингдек, “Uztrans” ахборот тизимига уланган кўп тармоқли поликлиника ёки хусусий тиббиёт муассасалари орқали бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.

 - Оилавий харажатларим кўплиги сабабли машинамда киракашлик қилиб келардим, - дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Толиб Расулов. – Ноқонуний таксичилик қилганим учун икки йил ичида 5 миллион сўмга яқин жарима тўлаганман. Янги қарорнинг қабул қилингани мен учун катта қулайлик бўлди. Бир йилда бир марта 300 минг сўм солиқ тўларканман. Бу у қадар қимматлик қилмайди.  

Ўзини ўзи банд қилган шахслар Soliq мобил иловаси орқали ҳам бепул рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.