Самарқандда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг минтақавий филиали очилади

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 июлдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун тиббиёт кадрларини тайёрлаш ҳамда спортчиларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Нукус, Андижон, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг минтақавий филиаллари ташкил этилади.
Ҳудудларда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг минтақавий филиаллари ташкил этилиши спортчиларнинг жисмоний ҳолати ва ривожланишини доимий назорат қилиб бориш, улардаги ўткир, сурункали касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш имконини беради, - дейди вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси спорт таълим муассасалари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Баҳодир Бердиқулов. – Айниқса, спорт-таълим муассасалари, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида спортчиларнинг касаллик ва жароҳатларини даволаш, бир йилда икки марта чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказиш, шунингдек, уларга махсус ҳамда комплекс тезкор тиббий хизматлар кўрсатиш уларнинг профессионал фаолиятига кўмаклашишда ёрдам беради.
Қарорга мувофиқ, вилоят ҳокимлиги томонидан бир ой муддатда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан биргаликда Самарқанд шаҳридаги давлат мулки бўлган бўш турган бино хатловдан ўтказилади. Шунингдек, марказнинг минтақавий филиалларини текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш, уч ой муддатда минтақавий филиалларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур жиҳозлар ҳамда тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш чоралари кўрилади.