Самарқандда спортчилар такси ҳайдовчиларидан “доля” ундириб келгани аниқланди
Самарқанд шаҳрида яшовчи бир гуруҳ спортчилар “Самарқанд-Навоий” йўналишидаги автошоҳбекатни зўравонлик ва ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ҳайдовчилардан ушбу йўналишга кириш учун 500 АҚШ доллари, кунлик қатновчи ҳайдовчилардан эса 50 минг сўмдан пулларни товламачилик йўли билан олиб келишган.
Бу фаолиятга барҳам бериш мақсадида ИИВ Жиноятчиликка қарши курашиш бош бошқармаси, давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура ҳамда вилоят ИИБ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида бу фаолият билан шуғулланиб келаётган 7 нафар шахс қўлга олиниб, уларнинг жиноий фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, Самарқанд шаҳар “Гала Осиё” маҳалласида яшовчи 1985 йилда туғилган Ш.Д. ушбу жиноий гурухга етакчилик қилган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ш.Д. ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.