Самарқандда триатлон мусобақаси ўтказилмоқда
Аввал хабар берганимиздек, Самарқандда триатлон бўйича “Challenge Samarkand” халқаро мусобақаси ўтказилмоқда.
Ўзбекистон триатлон федерацияси томонидан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан икки йилдан буён анъанавий тарзда ташкил этилаётган мазкур мусобақаларда дунёнинг кўплаб давлатларидан моҳир спортчилар иштирок этмоқда.
Турнирнинг дастлабки кунида триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Баҳсларда бир неча ёш тоифасида эркаклар, аёллар ва болалар спринт, ўрта ва қисқа масофада ғолиблик учун беллашди.
“Silk Road Samarkand” туристик комплекси бўйлаб ташкил этилган ушбу мусобақада Александр Куришов, Арслон Турсунов, Егор Егоров, Алина Ҳакимова, Ирина Жалгудина, Дилнора Холниёзова ғолибликни қўлга киритди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларини Ўзбекистон Триатлон федерацияси раҳбари В.Маҳмудов ва бошқа масъуллар табриклади.
Эртага, 17 сентябрь куни мусобақанинг асосий тадбирлари ўтказилади. Унда дунёнинг 35 давлатидан 2 минг нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутиляпти. Халқаро турнирнинг велосипед босқичи “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасидан бошланиб, қадимий Самарқанд шаҳри кўчаларидан ўтади.