Самарқандда яна 10 нафар бемор коронавирусдан тузалди: ёши каттаси 62 ёшда, ёши кичиги 16 ёшда
Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасида навбатдаги 10 нафар коронавирусга чалинган бемор соғайди ва реабилитацияга кузатилди.
Тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан. Уларнинг 4 нафари эркак, 6 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 62 ёшда, ёши кичиги 16 ёшда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тошкент тиббиёт академияси ректори Л. Тўйчиев бошчилигида Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи В.Баротова, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги бош мутахассиси Л.Кудашева, Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош инфекционисти Г.Худойқулова ҳамда эпидемиолог ва инфекционист шифокорлардан иборат махсус гуруҳ вилоятда фаолият бошлашган эди.
Улар айни пайтда вилоятнинг “қизил” ҳудудлари: Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Иштихон, Пайариқ, Пастдарғом, Самарқанд, Тойлоқ ва Ургут туманларида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни янада кучайтириш, беморларни самарали даволаш борасида маҳаллий мутахассисларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатишмоқда.
Ушбу тизимли чора-тадбирлар натижасида вилоятда коронавирусга чалинган кўплаб беморлар самарали даволаниб чиқишмоқда.
Айни пайтда вилоятда жами касаллик қайд этилганлар сони 363 нафарни ташкил этмоқда. Бугуннинг ўзида 17 нафар бемор тузалди ва жами соғайганлар 309 нафарга етиб, даволанаётганлар 52 нафар бўлиб турибди.
Шундай қилиб, бугун 106 нафар бемор тузалиб, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар 3014 нафарни ташкил этмоқда, деб хабар берди ССВ Матбуот хизмати.