Самарқандда янги институт очилди - педагоглар Финландия тизими асосида тайёрланади
Янги ўқув йилида Самарқандда яна бир олий таълим муассасаси - Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон–Финландия педагогика институти фаолият бошлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 июндаги қарори асосида ташкил этилган янги педагогика институтида бешта факультет – педагогика, мактабгача таълим, санъатшунослик, хорижий тиллар ва гуманитар фанлар ҳамда аниқ-табиий фанлар ва жисмоний маданият факулътетлари фаолият бошлади. Институтда 14 йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланиши белгиланган.
- Таълим тизимини ислоҳ қилиш, илғор халқаро тажрибаларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди институт директори вазифасини вақтинча бажарувчи Акрам Бегматов. – Финландиялик мутахассисларнинг таълим-тарбия соҳасидаги тажрибаси дунё миқёсида эътироф этилади. Шу асосда мамлакатимиз таълим тизимига малакали кадрлар тайёрлаш режалаштирилган. Имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми асосида Финландиянинг энг илғор олий таълим муассасаларининг малакали мутахассислари институтимизга жалб қилинади. Улар бевосита талабаларимизга ўқув машғулотларини олиб боришади. Келгусида институтимизнинг мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби ташкил қилиниб, тизимнинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда талабаларимизга малакали мутахассислар кўмагида амалий тажриба орттириш имконияти яратилади. Қисқача қилиб айтганда, институтимизда таълим тизими учун энг муносиб кадрлар тайёрланади.
Таъкидлаш жоизки, янги ўқув йилида Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон–Финляндия педагогика институтига 2160 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Уларнинг 1300 нафари кундузги, 375 нафари кечки, 800 нафари сиртқи ҳамда 135 нафари магистратура шаклида таълим олади. Таълим ўзбек, рус ва тожик тилларида олиб борилади. Уларга 150 нафар ўз соҳасининг етук профессор-ўқитувчилари дарс беради.
Алишер ИСРОИЛОВ.