Самарқандда юнон-рум кураши қандай ривожланмоқда?
Дастлаб курашнинг бу тури тарихи ҳақида қисқача тўхталсак.
Қадимда ХIII-ХIХ асрларда Eвропада, айниқса, Францияда курашга қизиқиш ривожлана бошлаган. Одамлар асосан циркларда ва ярмаркаларда ўз санъатларини намойиш қилишган. Аста-секин курашчилар ўртасида шахсий биринчиликлар, Франция шаҳарлараро мусобақаси, кейинчалик эса жаҳон чемпионатлари ўтказила бошланган.
Шу тариқа бу спорт тури халқаро майдонда танила бошлади. Бу кураш тури Eвропанинг деярли ҳамма давлатларида “французча кураш” номи билан кенг тарқалди. Курашнинг қадимги Юнонистон, қадимги Римда ривожланганлигини ҳисобга олган ҳолда французча курашга “юнон-рум” кураши номи берилди.
1896 йилдаги биринчи замонавий Олимпия ўйинлари дастурига кураш ҳам киритилган. 1898 йилдан бошлаб юнон-рум кураши бўйича Европа чемпионати, 1904 йилдан эса жаҳон чемпионати ўтказиб келинади. 1912 йилда ҳаваскорлар ўртасида кураш мусобақаларини кузатиш ва ўтказиш бўйича Халқаро қўмита тузилиб, қўмита эркин ва юнон-рум кураши турларини ривожлантириш мақсадида тузилган ва фаолиятини бошлаган. 1921 йилда мазкур қўмита Халқаро ҳаваскорлар кураш федерациясига айлантирилди. У 2014 йилдан United World Wrestling (UWW) га айлантирилди ва ҳозирда шу ном остида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Совет иттифоқи даврида ўзбек кураш мактаби тарбияланувчилари халқаро майдонда катта ютуқларга эришди. Рустам Казаков 1972 йилдаги Олимпия ўйинлари ва 1969 йилдаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган. Камил Фаткулин жаҳон чемпионатларининг кўп марта совриндори бўлган.
Мустақилликка қадар Самарқанд вилоятида бор-йўғи битта юнон рум курашига ихтисослаштирилган олимпия захиралари коллежи фаолият юритган бўлса, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг бу спорт турига эътибор янада ортиб, 2005 йилда Тойлоқ олимпия захиралари коллежида юнон-рум кураши бўлими ташкил этилди.
2005 йилдан 2020 йилгача 1 та жаҳон чемпиони, 1 та жаҳон ва Осиё чемпионати совриндорлари, 100 дан ортиқ Ўзбекистон чемпионлари, 50 дан ортиқ спорт устаси, 10 дан ортиқ халқаро тоифадаги спорт устаси айнан Тойлоқ олимпия захиралари коллежида етишиб чиққан. Ҳозирги кунда Ўзбекистон терма жамоасида 10 нафар самарқандлик спортчи шуғулланиб келмоқда.
2004 йилда Афинада бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Александр Докторашвили Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, Олимпия ўйинлари чемпионлигини қўлга киритди. Дилшод Арипов 2001 йилда жаҳон чемпиони ҳамда дунёнинг энг яхши юнон-рум курашчиси деб тан олинди. Элмурат Тасмурадов “Рио-2016” олимпиадасида бронза медалини қўлга киритди. У беш карра Осиё чемпиони, шунингдек, жаҳон чемпионатлари совриндори бўлди. Рустам Ассакалов Осиё ўйинлари ғолиби, Осиё чемпиони бўлди. Юрий Витт, Баҳодир Қурбоновлардек жаҳон чемпионлари ҳам бўлган.
Бу йил Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган Олимпия ўйинларида 130 килограмм вазнда булунғурлик Мўминжон Абдуллаев иштирок этди. У илк учрашувини Артур Виттинга қарши баҳс олиб борди ва рақибини илк раунднинг ўзида 31 сонияда 8:0 ҳисобида мағлуб этди. Аммо чорак финалда Чили вакили Ясмани Фернандесга ютқазиб қўйди. М.Абдуллаевнинг бу иштирокини ҳам эътироф этсак арзийди, зеро, Олимпиадага боришнинг ўзиёқ катта муваффақият дегани.
Спортнинг айнан шу тури билан боғлиқ статистикага тўхталадиган бўлсак, Самарқанд вилоятида бугунги кунда 65 нафар мураббий, 3120 нафар спортчи юнон-рум кураши билан шуғулланади. Вилоят бўйича жами 130 та юнон-рум кураши тўгараклари фаолият олиб бормоқда.
Жорий йилда спортнинг юнон-рум кураш тури бўйича катта ютуқларни қўлга киритдик. Масалан, 2021 йил 8 ойи давомида вилоят спортчилари республика мусобақаларида 13 та олтин, 12 та кумуш, 8 та бронза, халқаро спорт мусобақаларида 2 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза, Осиё чемпионати ва кубогида 1 та олтин, жаҳон чемпионати ва кубогида 1 та кумуш каби жами 42 та медални қўлга киритди.
Ўзбекистон терма жамоаси таркибига Самарқанддан 8 нафар спортчи асосий ва 9 нафар спортчи заҳира таркибига олинган.
Соҳада албатта ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, вилоятда юнон-рум кураши бўйича ишлайдиган 65 нафар мураббийнинг 2 нафари (Пахтачи ва Самарқанд туманлари) томонидан умуман натижа кўрсатилмаган.
Каттақўрғон шаҳар, Нарпай, Қўшработ ва Жомбой туманларида юнон-рум кураши бўйича спорт тўгараклари ташкил этилмаган. Бу эса юқорида қайд этилган туманларда спортчиларга бошқа бир туманга қатнаб шуғулланишда бироз қийинчилик туғдирмоқда. Бошқармамиз албатта яқин келажакда ушбу муаммоларга ечим топиб, чемпионлар сони янада ортишига ҳаракат қилади.
Келгусидаги режаларга тўхталадиган бўлсак, 2021 йил 16 август куни Россиянинг Уфа шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига 3 нафар самарқандлик спортчини, шу йилнинг сентябрь ойида Қирғизистонинг Бишкек шаҳрида ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатида 5 нафар спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилиши кутилмоқда.
2024 йил Францияда бўлиб ўтадиган халқаро Олимпияда ўйинларига 4 нафар спортчини, 2025 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши кўзда тутилган ўсмирлар ўртасида бўладиган спорт ўйинларида 5 нафар спорчи юнон-рум кураши бўйича фақат Самарқанд вилоятидан қатнашишлари кутилмоқда.
Шуҳрат Рўзиев,
вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.