Самарқанддаги 62 минг гектардан зиёд майдон дефолиация қилинади
Жорий йилнинг 5-15 сентябрь кунлари 359 та ОВХ пуркагичлар ёрдамида Самарқанд вилоятидаги 62 минг 687 гектар ғўза майдони дефолиация қилинади. Режага кўра, кунига 8 минг гектар майдон дефолиация қилиниши белгиланган. Шу мақсадда 193 та отряд ташкил этилиб, мавсумда 1155 нафар қишлоқ хўжалиги ходимлари ва механизаторлар иштирок этмоқда.
Бу йилги ғўза дефолиацияси учун жами 16 минг 100 килограмм хорижда ишлаб чиқарилган “Хим-экстра”, ”Д-экстра”, ”Реглон супер”, ”Яннчар ультра”, ”DEF” дефолиантларидан фойдаланилмоқда.
Дефолиацияда қатнашадиган ишчилар, ОВХ механизаторлари ёки ишчи эритма тайёрлаш агрегатлар ҳайдовчиларининг меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ тадбирлар режаси мавжуд. Тижорат банклари томонидан дефолиантлар ва бошқа хизматлар учун пул маблағлари талабнома асосида ўз вақтида тўланиши юзасидан дастур ишлаб чиқилган.
Мазкур тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши юзасидан инспекция органлари томонидан доимий мониторинг-ўрганиш тадбирлари ўтказилади.