Самарқанддаги сув омборлари хавфсизлик талабига жавоб берадими?

Вилоятимизда қишлоқ хўжалиги учун ишлатиладиган сувнинг 70 фоизи Зарафшон дарёсидан олинади. Шу билан бирга сув омборлари ҳам тармоқни сув билан таъминловчи асосий манба ҳисобланади.
Вилоят сув омборларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Азамат Суюновнинг маълум қилишича, ҳозирда вилоятимизда 8 та сув омбори ва 2 та босимли сув тўғони мавжуд. Сув омборларининг иккитаси сел сув омбори ҳисобланади. Бошқарма тасарруфидаги 6 та ўзанли сув омбори ҳар йили вилоятимиздаги 24 минг гектар майдонни сув билан таъминлайди.
“Сардоба” воқеасидан кейин сув омборларининг хавфсизлиги барчамизни қизиқтирмоқда. Хўш, биздаги сув омборлари хавфсизлик талабларига қанчалик жавоб беради? Зарафшон магистрал тизимидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Асрор Каримқуловга шу савол билан мурожаат қилдик.
- Бошқармамиз тасарруфидаги Каттақўрғон ва Оқдарё сув омборлари вилоятимиздаги энг йирик ва кўп йил аввал қурилган сув ҳавзалари ҳисобланади, - дейди А.Каримқулов. – Оқдарё дарёсининг ўзанида жойлашган Оқдарё сув омбори 1989 йилда фойдаланишга топширилган. У 7 балгача зилзилага бардош беради ва 110 миллион метр куб сув сиғимига эга. Каттақўрғон сув омбори эса 7 балгача зилзилага бардошли, Қорадарё дарёсидан “Дамхўжа” гидроузели орқали тўлдирилади. Бу омбор 3 навбатда лойиҳалаштирилиб, 1939 йилдаги дастлабки лойиҳада сув сиғими 100 миллион метр/куб бўлган бўлса, 1968 йилдаги 3 лойиҳада сув ҳажми 900 миллион метр/кубни ташкил этган.
- Аксарият сув омборлари сув кўпайганда белги берувчи махсус ускуналар билан жиҳозланган бўлади. Бу сув омборларида ҳам шундай ускуналар ўрнатилганми, омборларда хавфсизлик даражаси қандай?
- Сув омборларида хавфсизлик нуқтаи назаридан доимий кузатишлар олиб борилади. Бундан ташқари, ички ишлар ва миллий гвардия қўриқлаш бўлимлари томонидан омборлар доимий қўриқланади. Каттақўрғон сув омборига 2012 йилда 6 та видеокузатув мосламаси ва 2014 йилда 2 та ташвишли чақирув тугмаси ўрнатилган, “С-40” сиренаси мавжуд. 2013 йилда замонавий электрстанция ўрнатилган. 2020 йил 17 май ҳолатига кўра, сув омборида 731 миллион куб/метр сув захираси мавжуд. Оқдарё сув омборига 2011 йилда 8 та видеокузатув мосламаси, 2015 йилда 5 та ташвишли чақирув тугмаси ўрнатилган ва бу ерда ҳам замонавий электрстанция ва “С-40” серенаси мавжуд.
- Яқинда ижтимоий тармоқларда Каттақўрғон сув омбори деворларида ёриқ пайдо бўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу қанчалик асосли, умуман, сув омборнинг асосини нималар ташкил этади?
- Сув омборларида доимий кузатув ва хавфсизлик талаблари юзасидан мунтазам ўрганиш олиб борилади. Шундай бўлса-да, хабар тарқагач, зудлик билан ишчи гуруҳ ташкил этилди ва сув омбори деворлари кўздан кечирилди, айтилган хабарлар ўз тасдиғини топмади. Каттақўрғон сув омбори тўғони танаси асосини бир хил тупроқ ва махсус тоғ тоши ташкил қилади. Оқдарё сув омборида тўғон танаси асосини тупроқ ташкил қилади, экрани силлиқ тошли тупроқ, тўғон ядроси суглинок. Сув омбори қурилишида дастлаб лойиҳачилар танланган жойни бир неча босқичда ўрганиб чиқишади, девор асоси, ернинг зичлиги, сувнинг тўпланиши, хавфсизлик ва бошқа талаблар ўрганилади, сўнг сув омборнинг девори қандай бўлиши лозимлиги тўғрисида хулоса беришади. Лекин омбор қандай бўлишидан қатъий назар унинг сув чиқариш қисми, албатта, бетондан бўлади.
- Сув омборларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида қандай ишлар бажарилади?
- Каттақўрғон сув омборининг қиялик бетон қопламасини таг қисмидаги ҳосил бўлган бўшлиқларга цемент қоришмаси билан инекция қилиш – зичлаш ишлари бажарилди. 2018 йилда вилоят “Сувлойиҳа” масъулияти чекланган жамияти томонидан сув омбор тўғонидаги зилол сувларини назорат қилиб бориш учун қурилган 33 та пеъзометрларни таъмирлаш ва тозалаш ишлари олиб борилди. 2019 йилда омбордаги сув чиқариш иншоотининг жонли қисми Республика идоралараро комиссиясининг кўрсатмасига биноан h=4 метр, l=605 метр замонавий сим тўр (махаон) билан ўралди.
Каттақўрғон сув омбори бугунги кунда соз ва ишчи ҳолатда бўлиб, сув омбор комплексидаги Дамхўжа ва Нарпай гидроузели ҳамда кириш-чиқиш каналлари билан биргаликда 66 та штат бирлигида ишчи-ходимлар хизмат қилмоқда.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ суҳбатлашди.