Самарқанддан Ҳиндистонга авиарейслар очилиши мумкин
Ҳиндистоннинг оммабоп "Travel Trends Today" (Т3) журналида ушбу мамлакатнинг йирик шаҳарларида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти ва "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпаниясининг янги йўналишларига бағишлаб ўтказилаётган туркум тақдимот маросимлари ҳақида мақола чоп этилди.
"Uzbekistan Airways" АЖ, Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ва "Arya Enterprises" компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу ёрқин тадбирларда Ҳиндистоннинг йирик сайёҳлик компаниялари, меҳмондўстлик саноати ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этган.
Журнал ҳиндистонлик саёҳатчилар учун Ўзбекистонга турлар ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокамасига тўхталган. Хусусан, икки давлат ўртасидаги авиарейсларнинг бугунги ҳолати ва ўзаро ҳаво қатновларини янада кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларга баҳо берган.
Таъкидланишича, "Uzbekistan Airways" компанияси 2025 йилги ёзги жадвалдан бошлаб ҳафтанинг жума кунлари Тошкент ва Мумбай ўртасида учинчи рейсни амалга оширишни режалаштирмоқда. Ҳозирда бу шаҳарлар сешанба ва шанба кунлари ҳафтасига иккита рейс орқали боғланган.
2023 йил август ойида Тошкент ва Деҳли шаҳарлари ўртасида "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси томонидан ҳафтасига олти марта парвоз амалга оширилган эди. Бугунги кунда икки мамлакат пойтахтларини "Uzbekistan Airways" ва "IndiGo" (Ҳиндистон) компаниялари томонидан йўлга қўйилган 14 та авиарейс боғлаб турибди. "Uzbekistan Airways" жорий йил апрель ойида Мумбай шаҳри ва октябрь ойида Гоа штатига ҳафтасига икки мартадан янги парвозларни ўзлаштиргач, ҳафталик кўрсаткич 18 тага етди.
Янги парвозлар жуғрофияси Самарқанд, Бухоро, Наманган, Амритсар, Бангалор, Ҳайдаробод, Ченнай ва бошқа шаҳарларни қамраб олиши режалаштирилмоқда, дея хабар беради "Дунё" АА.