Самарқанддан мигрантлар асосан Россия, Германия ва Жанубий Кореяга ташкилий тартибда ишга юборилмоқда
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг хориждаги ваколатхоналари томонидан жорий йилнинг январь-апрель ойларида меҳнат миграцияси соҳасида учта иш берувчи билан музокара олиб борилган. Самарқанддан хорижда ташкилий тартибда ишга жойлаштирилганлар 398 нафарни ташкил этади. Ташкилий тарзда ишга жойлаштирилган фуқароларнинг 234 нафари Россия, 164 нафари Жанубий Кореяга тўғри келади.
- Хорижга кетаётган 150 нафар меҳнат мигрантининг ҳаёти ва соғлиги, 18 нафарининг микроқарз таъминоти суғурта қилинди, - дейди Ташқи меҳнат миграцияси Самарқанд вилоят филиали бошлиғи Суннатулла Абдусаидов. - Шунингдек, ҳудудларда йил бошидан 18 нафар фуқарога хорижга кетиш ва ишга жойлашиш учун микроқарзлар, 182 нафарига ишлаш рухсатномаси расмийлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, агентлик томонидан вилоятдаги 2964 нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатилган.
Меҳнат мигрантларига ёрдам бериш учун 24/7 режимида “1282” қисқа рақамли ишонч телефони ишга туширилган.
Хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган 4926 нафар меҳнат мигрантларининг оилаларига ижтимоий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Шунингдек, хорижда бўлиб турган фуқароларни “хонадонбай” ўрганиш жараёнларида ҳар бир меҳнат мигрантининг оиласига Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик муассасалари ва ваколатхоналари ишонч телефонлари ва манзиллари кўрсатилган тарқатма материаллар (флаер) тақдим этилмоқда.