Самарқанддан Тошкентга бир тоннадан ортиқ номаълум ҳайвон гўштини олиб келаётган Isuzu тўхтатилган
Тошкентда истеъмолга яроқсиз гўшт олиб киришга йўл қўймаслик бўйича профилактик тадбирлар давом этмоқда.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари билан бирга, август ойининг 10 куни давомида пойтахтга 1 497 килограмм сифатсиз гўшт маҳсулотларини олиб киришнинг олди олинган.
Хусусан, Чилонзор тумани ТҲАЙ бўйлаб ўтказилган тунги тадбир пайтида Самарқанд—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган 28 ёшли Қ.Х. бошқарувидаги Isuzu русумли автотранспорт воситаси тўхтатилган. Текширув жараёнида ветеренария ҳужжатларига эга бўлмаган, майдаланган ва музлатилган ҳолдаги жами 1 111 килограмм номаълум ҳайвон гўшти олиб кетилаётгани маълум бўлган. Гўшт маҳсулотлари лабораторияга текшириш учун юборилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 109-моддасига кўра, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўлади.