Самарқандга халқаро ҳунармандлар шаҳри мақомини бериш таклиф этилди
Самарқанд шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бобурмирзо Облоқулов Жаҳон ҳунармандлар кенгаши (WCC)нинг Осиё - Тинч океани минтақаси бўйича президенти Гада Каддуми билан учрашди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлигида ўтказилган суҳбатда қадимий кентда ҳунармандчиликни ривожлантириш ва бу соҳани янада бойитиш, бунинг учун халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳақида сўз борди. Юқори мартабали меҳмон Самарқанд шаҳрини “Халқаро ҳунармандлар шаҳри” рўйхатига киритиш таклифини айтди.
– Самарқанднинг тарихий обидалари, нони ва, албатта, ҳунармандчилиги ҳақида жуда кўп илиқ гапларни эшитгандим, – дейди Гада Хижави Каддуми. – Аммо бугун шаҳардаги тарихий ёдгорлик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари билан танишиб, тасаввурим янада ортди, руҳландим. Бу ерга мени чорлаган нарсалардан бири ҳам айнан ўзбек ҳунармандчилиги эди. Яъни Самарқанд шаҳрига “Халқаро ҳунармандлар шаҳри” мақомини бериш лозим. Ўйлайманки, самарқандлик мутасаддилар таклифимизни қўллайди ва ўттиздан ортиқ шундай давлатлар қаторига кириш бўйича розиликларини билдиради.
Тадбир якунида “Халқаро ҳунармандлар шаҳри” мақомини олган шаҳарларга бериладиган имкониятлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди ва ҳамкорлик алоқалари бўйича келишиб олинди.