Самарқандлик 4 нафар ўқувчи SEAMO халқаро математика олимпиадасида ғолиб бўлди
Жанубий-Шарқий Осиё математика олимпиадаси (SEAMO)га Сингапурнинг Терри Чев академияси томонидан асос солинган ва олимпиада орқали ўқувчиларнинг математик билими ва саводхонлиги синовдан ўтказилади. Ушбу нуфузли халқаро олимпиадада бугунги кунга қадар Австралия, АҚШ, Сингапур, Индонезия, Япония, Хитой, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг ўқувчи-ёшлари иштирок этиб келади.
Жорий йил ўтказилган SEAMO-2020 халқаро математика олимпиадасида 16 минг нафардан ортиқ ўқувчилар иштирок этди. Жумладан, юртимиздан 150 нафар ўқувчи қатнашиб, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилди. Улар орасида Самарқанд вилоятидан иштирок этган ўқувчиларимиз битта олтин, учта бронза медаллари соҳиблари бўлишди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасида SEAMO-2020 халқаро математика олимпиадасида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган Жомбой туманидаги 46-умумтаълим мактаби ўқувчилари Озодбек Aхтамов, Чарос Султонова, Гулсевар Aрзиқулова, шунингдек, СамДУ академик лицейи ўқувчиси Муҳаммадхон Темурхоновларга ҳамда уларнинг устозлари ва ота-оналарига қимматбаҳо эсдалик совғалари, бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари топширилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева, СамДУ проректори Аҳмаджон Солиев, СамДУ академик лицейи директори Азамат Умаров томонидан ўқувчиларнинг мана шундай ютуққа эришишида таянч ва суянч бўлган ота-оналар, таълим-тарбия берган ўқитувчиларга миннатдорлик билдирилди.
Олимпиада ғолиблари Сингапурнинг Терри Чев академиясида математик билимларини янада ошириш бўйича ташкил этиладиган бир ҳафталик ўқув курсида иштирок этади. Шундан сўнг ўқувчиларга халқаро даражадаги дипломлар ҳам топширилади.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.