Самарқандни «Яшил шаҳар»га айлантириш режалаштириляпти
Самарқанд 2021 йилда Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг қиймати 3 миллиард еврони ташкил қилувчи «Яшил шаҳар» дастурига қўшилиш орқали Ўзбекистондаги барқарор ривожланишни такомиллаштирадиган биринчи шаҳарга айланди.
Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мазкур лойиҳа вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. Дунёнинг Олма-ота, Душанбе, Бишкек, Ганж каби 50 дан ортиқ шаҳри иштирок этаётган «Яшил шаҳар» лойиҳасини амалга оширишдан мақсад мазкур шаҳарлардаги экология ва атроф-муҳит муаммоларини бартараф этиш учун хорижий сармоя киритиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этишдан иборат.
Мазкур лойиҳа концепцияси ўтган ҳафта вилоят ва Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки бошқарувчи директори Жужжана Харгитай бошчилигидаги делегация вакиллари иштирокидаги учрашувда тақдим этилди.
Имзоланган меморандум доирасида Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, ичимлик суви таъминоти ва канализация, йўл-транспорт тизимини яхшилашни ўз ичига олган лойиҳанинг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, шаҳарда ЕТТБ маблағлари ҳисобидан ёритиш тизимлари, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлиги оширилади. Яқин 15 йилга мўлжалланган ушбу ҳаракатлар режаси халқаро ва маҳаллий маслаҳатчилар гуруҳи томонидан асосий экологик ва атроф-муҳит муаммоларини таҳлил қилиш ва баҳолаш натижалари асосида тайёрланган.
Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки яшил иқтисодиёт дастурларини молиялаштириш учун 5 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратган. Мазкур дастур Самарқанд шаҳрининг стратегик мақсадлари, экологик муаммоларини ҳал этиш, сармоя жалб этиш чора-тадбирларини белгилашга хизмат қилади.
- «Яшил шаҳар» лойиҳасига Самарқанд ҳам танлаб олингани халқаро туризм марказига айланиши кутилаётган шаҳримиз учун айни муддао бўлди, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Акобир Ашуров. - Ушбу дастур бўйича Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 350 дона электробус олиб келиш режалаштирилган. Ҳозирда 100 дона электробус харид қилиш юзасидан халқаро тендер жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Жорий йилнинг май ойида дастлабки 6 та электробус шаҳримизга олиб келиниб, синов тариқасида асосий йўналишларга чиқарилади. Шунингдек, Қозоғистон, Россия ва Туркия давлатларидан келган мутахассислар шаҳримиз кўчаларини ўрганиб, йўл инфратузилмаси ва ландшафти, светофор, видеокамера, банкомат ва бекатлар жойлашуви ҳамда дизайни каби масалаларда яқиндан ёрдам беришмоқда.
Мазкур лойиҳаларни амалга оширишда самарқандликларнинг фикрлари инобатга олинади. Бунинг учун фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадида улар ўртасида сўровнома ўтказилиб, Самарқанд шаҳрини энг чиройли ва яшил масканга айлантириш учун нима қилиш зарурлиги ҳақидаги тавсия ва ғоялар беришлари таклиф қилинади. Онлайн сўровнома жорий йилнинг апрель ойида ўтказилади, май ойида эса соҳа мутахассислари ва жамоатчилик вакиллари учун семинар ташкил этилади.
- Лойиҳа доирасида шаҳримизни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, боғ ва хиёбонлар яратиш мақсадида катта маблағ ажратиш режалаштирилган, - дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Юнус Бобоназаров. - Шунингдек, бир қатор маҳаллаларни кесиб ўтган ариқ ва коллекторлар таъмирланиб, юзлаб хонадонлар оқова тармоқларига уланади. Шунингдек, марказий йўл ва кўчаларнинг ўртасида гулзор ташкил этилиб, хориждан келтирилган мевали дарахт кўчатлари ўтқазилади. Кўча чироқларини электр тармоқларидан ажратиб, қуёш панелларига ўтказиш кўзда тутилган. Айни пайтда мутахассисларимиз билан лойиҳа учун таклифларни ўрганиб чиқяпмиз.
Бир неча босқичда амалга ошириладиган лойиҳа ишлари «АЕCОМ» (АҚШ) компанияси раҳбарлигидаги бир гуруҳ халқаро ва маҳаллий мутахассислар томонидан шаҳарнинг барча экологик муаммолари ўрганиб чиқилгач, бошланади.
Дилмурод Тўхтаев.