Самарқанднинг Чўпонота тепалигида ёнғоқ, бодом етиштирилади. Аммо адирликда суғориш тизими қандай йўлга қўйилади?

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоят бўйича 10 миллион 243 минг туп кўчат экиш режалаштирилган. Куз фаслида режадаги 6,2 миллион туп кўчат экилган. Баҳорда эса автомобиль йўллари ёқаси, фермер хўжаликлари майдонлари четлари, корхоналар, маҳаллалар, ободонлаштириш бошқармаларининг бўш ҳудудлари, ижтимоий соҳа объектларининг бўш қисмига 10,2 миллион туп кўчат экиш ишлари олиб бориляпти.

Ўрмон хўжалиги бошқармаси ва бўлимлари томонидан Чўпонота адирлик ва тепаликларида ҳам дарахтзорлар барпо этилмоқда.

Вилоят давлат ўрмон хўжалиги бошқармаси маълумотларига кўра, Чўпонота массивида жами 216 гектар майдон бор ва унинг 189 гектарида манзарали ҳамда ёнғоқ дарахт кўчатлари экилмоқда. Шунингдек, ҳудуддаги 80 гектар майдонда бодом экилади.

Бодом уч-тўрт йилда ҳосилга киради ва ҳар тупи ўртача 5-10 килограмгача ҳосил беради. 1 гектар майдонда 400 тупдан экилаётган бодом кўчатларидан 1 килограмдан ҳосил олинганда ҳам бўш турган адирликда 40 тонна бодом етиштирилади.

Массивда ўрмонзор барпо этиш учун вилоятдаги барча ўрмон хўжаликлари жалб этилиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида ҳудуд ажратилган.

- Хўжалигимиз тасарруфида яйлов, тошлоқ, ўрмон ва бошқа тоифадаги 10 241 гектар майдон бор ва биз яйлов, тошлоқ ерларни ўзлаштириш ҳисобига ҳар йили 350 гектаргача грек ёнғоғи, писта, бодом экишни йўлга қўйдик, - дейди Нуробод туманидаги "Саройқўрғон" давлат ўрмон хўжалиги директори Неъмат Ҳамроев. - Кўчатхоналаримизда қрим қарағайи, можевельник, элдор қарағайи, шарқ арчаси ва эҳтиёждан келиб чиқиб, йилига 20 гектарда 300-400 минг туп иҳота тутзорлар барпо этамиз.       

Адирликда ўрмонзор барпо этиш, яна қўшимча даромад келтирадиган  дарахтлар экиш ажойиб ғоя, бироқ бу ҳали дарахтлардан катта даромад олинади, дегани эмас. Бунинг учун аввало, адирликда суғориш тизимини йўлга қўйиш, ёз жазирамасида кўчатларни қуриб қолишдан асрашни ташкил этиш лозим эмасми?

- Бу ерга экилаётган ҳар бир кўчат тубига ярим қопдан маҳаллий ўғит солиб экилмоқда, бу намликни анча вақт сақлашга ёрдам беради, - дейди “Дарғом” давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхонаси бош ўрмонбеги Субҳон Абдусаломов. – Ҳозирда экилган кўчатлар Жомбой, Оқдарё туманлари ва Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги махсус техникалар ёрдамида суғориляпти. Доимий фойдаланиш учун Чўпонота яқинидаги каналдан насос станция қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Чўпонота ҳудудининг юқори қисмига экилган кўчатларни вегетация даврида суғориш учун М-37 автомагис­траль йўли устидан сув ўтказиш кўприги ва 5 та ҳовуз қуриш лойиҳалари тайёрланяпти.

Бу лойиҳаларнинг ижроси экологик барқарорликни таъминлаш, бўш турган адирликлардан даромад олишга, асосийси, ўсимлик ва ҳайвонот оламининг кўпайишига хизмат қилади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.