СамДЧТИ: Хорижий тажрибалар амалиётга жорий қилинмоқда
Ўзининг 30 йиллик юбилей ёшини қарши олаётган Самарқанд давлат чет тиллар институти нафақат ёшларга билим бериш, балки ҳар томонлама камол топган, жамиятимиз ривожи учун фойда келтирадиган, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Шу боис, институт раҳбарияти томонидан таълим сифатини яхшилаш, машғулотларни самарали ўтказиш мақсадида давр талабларига жавоб берадиган замонавий типдаги ўқув бинолари, ўқитишнинг техник ва техник бўлмаган воситалари билан жиҳозланган ўқув аудиториялари, ахборот ресурс марказлари барпо этилган.
Шунингдек, келажак ворисларини билимли ва илмли қилиб тарбиялаш, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришлари мақсадида маъруза, семинар ва амалий машғулотлар малакали, касбий компетенцияси юқори бўлган маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар томонидан замонавий педагогик ва ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолатда олиб борилмоқда.
Мазкур олий таълим муассасаси жаҳоннинг бир қатор етакчи олий таълим муассасалари, жумладан Америка Қўшма Штатлари, Хитой, Жанубий Корея, Миср Араб Республикаси ва Россия Федерацияси каби чет мамлакатларнинг университет ҳамда институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйган. Ушбу ҳамкорлик алоқалари натижаси ўлароқ, талабаларнинг хорижий давлатларда тажриба алмашиш, таҳсил олиш ва ҳатто уларнинг дипломларига эгалик қилиш имкониятлари мавжуд. Жумладан, ўқитишнинг замонавий педагогик технологияларидан бири "Флиппед леарнинг" ҳисобланади. Ушбу метод профессор-ўқитувчилар томонидан бевосита машғулотлар давомида қўлланилмоқда. Мазкур усул орқали дарс мобайнида ўқитувчилар ўқувчиларнинг янада фаол бўлишини асосий ўринга қўяди.
"Флиппед леарнинг" методининг бошқа методлардан фарқи шундаки, янги ўтиладиган мавзу талабаларга уйга вазифаси қилиб берилиши ёки уйга берилган топшириқларни дарсда ва дарсдан ташқари ҳолатда таҳлил қилишларига ундайди.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида ёшларнинг фаолияти фақат таълим олиш билан чегараланиб қолмасдан, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида турли хил маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ҳам мунтазам тарзда ташкиллаштирилиб келинмоқда. Шунингдек, талабалар турли хил илмий, маърифий, интеллектуал ва спорт тўгаракларида қатнашиш орқали ўзларининг қобилиятларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса уларнинг келажакда нафақат ўз соҳасининг етук мутахассиси, балки жамиятнинг фаол аъзолари бўлиб етишишларига замин яратади.
Л.Абдуллаева,
Н.Сулейманова,
СамДЧТИ инглиз тили назарий аспектлари доценти.
С.Тўйчиев,
катта ўқитувчиси.