СамДТИ "Elsevier" ташкилоти билан ҳамкорлик қилади

Бугун, 21 декабрь куни Самарқанд давлат тиббиёт институтига «Elsevier» ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Aлия Оспанова ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ишлар бошқарувчиси Н.Исмоилов ташриф буюрди.

Ташкилот бугунги кунда дунёдаги энг катта илмий маълумотлар базаси ҳисобланади. Ташкилотнинг мақсади жаҳонда илм-фанни ривожлантиришдан иборат. Шу боис у 5 мингдан ортиқ нашриёт ва 23 минг илмий журнални бирлаштиради ва дунёнинг 7 миллиондан зиёд тадқиқотчилари улардан фойдаланади. "Elsevier" ташкилоти базасида 2019 йилда энг кўп ўқилувчи ва энг кўп ҳавола берилувчи илмий журналлар қамраб олинган.

Ташриф давомида Aлия Оспанова институтда ўқув жараёнининг ташкил этилиши, ахборот-ресурс маркази, тест маркази, электрон кутубхона ва симуляцион таълим марказини кўздан кечирди. Институтда яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо берди.

СамТИ ректори, профессор A.Шамсиев ва A.Оспанова дунёнинг энг нуфузли илмий-таҳлилий рейтинг платформаларидан фойдаланиш, муаллиф-олимлар рейтинги, илмий журналлар, ташкилотлар, университетлар рейтингларини ошириш имкониятлари каби масалалар тўғрисида фикр алмашди. Институт раҳбарияти «Elsevier» ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш режалари тўғрисида келишиб олди.

Одилбек АҲМЕДОВ.