СамДУ проректорининг хати ғайриқонуний деб топилди. Университетга талабанинг ўқишини кўчириш мажбурияти юклатилди
Сайтимизда жорий йилнинг 12 октябрида эълон қилинган “Судда сарсон қилишмайди, лекин сарсон бўласиз” сарлавҳали мақола юзасидан Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари З.Аллабаевдан шу мазмундаги жавоб келди.
Унда қуйидагилар баён этилган:
"2022 йилнинг 17 июнь куни фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъвогар Ҳусанов Шаҳзод Машраб ўғли томонидан жавобгар Самарқанд давлат университетига нисбатан 2022 йил 30 апрелдаги №10-1728-сонли ўқишни кўчиришни рад қилиш ҳақидаги СамДУ проректори А.Солеевнинг жавоб хатини қонунга хилоф бўлганлиги сабабли ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда ўқишга кўчириш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Суднинг 2022 йил 22 июндаги ажрими билан Ш.Ҳусановнинг аризаси ФПКнинг 195-моддаси 3-бандига кўра қайтарилган.
Самарқанд туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 19 июлдаги ажрими билан аризачи Ш.Ҳусановнинг Самарқанд давлат университети мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги), қарори устидан берган аризаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси 1-қисми 1-бандига кўра қабул қилишдан рад этилган.
Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 13 сентябрдаги ажрими билан ФИБ Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 22 июндаги ажрими бекор қилинган ва даъвогар Ш.Ҳусановнинг даъво аризаси Самарқанд шаҳар судига қабул масаласини ҳал этиш учун юборилган.
ФИБ Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 19 сентябрдаги ажрими билан даъвогар Ҳусанов Шаҳзод Машраб ўғлининг жавобгар Самарқанд давлат университетига нисбатан 2022 йил 30 апрелдаги №10-1728-сонли ўқишни кўчиришни рад қилиш ҳақидаги проректор А.Солеевнинг жавоб хатини қонунга хилоф бўлганлиги сабабли ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда ўқишга кўчириш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво аризаси иш юритувга қабул қилинган.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 14 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Ҳусанов Шаҳзод Машраб ўғлининг жавобгар Самарқанд давлат университетига нисбатан 2022 йил 30 апрелдаги №10-1728-сонли ўқишни кўчиришни рад қилиш ҳақидаги проректор А.Солеевнинг жавоб хати қонунга хилоф бўлганлиги сабабли ҳақиқий эмас деб топилди ҳамда ўқишга кўчириш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилди. Демак, даъвогар Ш.Ҳусановга юборилган 2022 йил 30 апрелдаги №10-1728-сонли ўқишни кўчиришни рад қилиш ҳақидаги проректор А.Солеевнинг жавоб хати ғайриқонуний деб топилиб, Самарқанд давлат университети зиммасига Ш.Ҳусановнинг ўқишини кўчириш мажбурияти юклатилди.
Ҳал қилув қарори устидан шикоят келтирилмаган.”