СамДУнинг 2287 нафар талабаси ишга жойлаштирилди
Самарқанд давлат университетининг 3- ва 4-курс талабалари учун ўқув жараёнлари 4+2 дастури асосида олиб борилмоқда. Бунда талабалар ўқишнинг 4 кунини университетда, қолган 2 кунини таълим йўналишига кўра умумтаълим мактаблари, корхоналарда амалиёт ўташи белгиланган.
Шунингдек, университетда Карьера ва бандлик маркази ташкил этилиб, марказ ҳозирги вақтда талабаларни ишга жойлаштириш, уларни замонавий касбларга ўқитиш билан шуғулланмоқда.
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Жорий йилнинг 4 март куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида талабалар бандлигини таъминлаш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши маълум қилингач, аввало, биз талабалар ўртасида сўровнома ўтказдик, - деди университетнинг инсон ресурсларини бошқариш факультети декани, Карьера ва бандлик маркази директори Шоҳрух Жўрақулов. – Шу пайтгача баъзи талабалар ишлашини яширарди. Аноним сўровнома натижасида талабаларнинг ишлаш истаги борлиги ёки айни пайтда ишлаётганини таҳлил қилдик. Сўнгра талабалар учун бўш иш ўринлари ҳақида махсус канал очдик. Унда ҳамкор корхона ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар бериб боряпмиз. Бугунги кунда 2287 нафар талаба ишга жойлашган бўлса, улардан 107 нафари университетимиздаги вакант иш ўринларига ишга кирди.
- Яқинда Самарқанд шаҳридаги 47-умумий ўрта таълим мактабига ҳуқуқшунослик фанидан ярим штат ишга кирдим, - деди тарих факультети 3-курс талабаси Санжар Самандаров. – Дарсдан сўнг мактабда ўқувчиларга ҳуқуқшунослик фанидан таълим беряпман.
Университетда Карьера ва бандлик маркази томонидан талабаларни ишга жойлаштириш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.