Самода ғойиб бўлган самолёт 37 йилдан сўнг қўнди
Шарпа каби ним қоронғулик доирасидан учиб келаётган 57 йўловчига эга “DC-4” чартер самолёти 1992 йилда, яъни 1955 йилда Нью-Йоркдан Майамига учиб кетаётганда ғойиб бўлганидан 37 йил ўтгач Венесуэланинг Каракас шаҳрига қўнди. Аммо бир неча дақиқага етмай арвоҳ самолёт яна ҳавога кўтарилди ва булутлар ичида ғойиб бўлди.
Гувоҳлар баёнотлари ва учувчи билан бошқарув минораси ўртасидаги лента орқали ёзилган радиалоқа бу даҳшатли қўнув ҳақиқатан ҳам содир бўлганлиги тўғрисида инкор этиб бўлмайдиган далилларни келтирди.
- Ушбу ҳодисани кўрган аэропорт назорат хизмати ходимларининг кўрсатмалари моҳиятан бир-бирига тўғри келади, - деди Фуқаро авиацияси вазирининг ўринбосари Рамон Эстовар. - Бироқ “DC-4” кўтарилишидан ва ғойиб бўлишидан бир неча сония олдин учиш-қўниш йўлагига учувчи туширган кичкинагина 1955 йилнинг календари ҳал қилувчи далил бўлди.
- Мен самолётни кўрдим... Учувчининг овозини ҳам эшитдим. Ҳатто ўша календарни қўлимда тутгандим, лекин барибир бунга ишонолмайман, - деди парвозларни бошқариш минорасидаги постидан ҳамма нарсани аниқ кўрган Хуан де ла Корте. - Бортдаги бу одамлар ҳали ҳам 1955 йил эканлигига ва улар Флоридага тушиб қолганига амин эди. Лекин ҳаммаси бошқача эди. Бу йиллар давомида улар қаерда бўлгани ёлғиз Худога аён.
Де ла Корте ва бошқа назоратчиларнинг сўзларига кўра, улар радар экранларида кўринмаган парракли самолёт тўсатдан аэропортга яқинлашганда ғайритабиий ҳодиса юз бераётганини англаб етган эди.
- Радарда аломатлари бўлмаган бўлса-да, биз самолётни ўз кўзимиз билан кўрдик, - деди Де ла Корте. – Учувчидан ўзини таништиришни сўраганимизда, у радио орқали “Биз қаердамиз?” деб сўради. Овози ниҳоятда қўрққан, ўзи чалкашиб кетган эди. Ниҳоят борт Нью-Йоркдан Майамига 914-чартер рейси билан учаётган 4 экипаж аъзоси ва 57 йўловчидан иборат самолёт эканлигини айтди. Диспетчернинг айтишича, учувчининг бу сўзларидан кейин бошқарув хонасида сукунат ҳукм сурган. Ҳамма ҳайратда эди. 914-рейс йўналиши... Майами.... Каракасдан 1800 километрда жойлашган ахир.
- Мен учувчига жавоб бердим: “Бу ер Каракас, Венесуэла... Жанубий Америка”. Кейин сўрадим: “Сиз ҳалокатга учрадингизми?”. Жавоб бўлмади, мен самолёт қўниши учун йўлакни тайёрладим. Қўниш муваффақиятли ўтди. Ҳаммаси яхши деб ўйлай бошлаганимда, учувчи ўзининг иккинчи учувчисига: “Худойим, Жимми! Бу нима бало эди?”, деб сўраганини эшитдим. Улар реактив самолётга худди космик кемани кўргандай қарашарди.
Де ла Кортенинг айтишича, учувчи режага кўра Майами халқаро аэропортига 1955 йилнинг 2 июль соат 9.55да қўниши керак бўлган.
Кейин мен унинг “Бу ерда бир гап бор”, деганини эшитдим. Радио орқали “Капитан, бу Каракас халқаро аэропорти. Бугун 1992 йил, 21 май куни” дедим. У “Худойим!” дея хитоб қила бошлади. Унинг оғир нафас олиши эшитилиб турарди. Ердаги гуруҳ улар томон йўл олганини айтиб, уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим.
Де ла Кортенинг сўзларига кўра ердаги гуруҳ ва заправкачи самолётга яқинлашганда, учувчи радио орқали “Йўқ! Яқинлашманг! Биз бу ердан учиб кетяпмиз!”, дея бақира бошлади. Кейинчалик ер хизмати ходимлари юзларини иллюминаторга тақаб турган йўловчиларни кўрганликларини айтишди. Учувчи кабина деразасини очиб, уларга орқага қайтиш учун ишора қилди.
- У қандайдир папкани силикитарди, - деди Де ла Корте. – Афтидан биз кейин топиб олган календарь шу папкадан тушиб кетди. Учувчи двигателларни ишга туширди ва самолёт ҳавога кўтарилди. Фуқаро авиацияси расмийлари самолёт билан алоқанинг барча ёзувларини, шунингдек топилган тақвимни олиб қолишди ва ҳодиса бўйича терговни давом эттирмоқда.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.