Сариқ қишлоғида юз берган мудҳиш ЙТҲ оқибатида 3 киши вафот этди

Бугун, 4 апрель куни соат 00:50 да ҳайдовчи, 28 ёшли Ф.Ш. “Spark” русумли автомашинасини Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани, Сариқ қишлоғидан ўтувчи “4П-96” автомобиль йўлининг 3-километрида бошқариб кетаётган вақтида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган 24 ёшли Ф.Х. бошқарувидаги “Зил-130” русумли юк автомашинаси билан тўқнашув содир қилган.

Оқибатда “Spark” автомашинаси ёниб кетиб, ҳайдовчи Ф.Ш. ва унинг йўловчилари - 27 ёшли Б.Д. ва 26 ёшли А.М.лар ҳодиса жойда вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Муборак тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти фуқаролардан карантин вақтида автотранспорт воситаларини тегишли рухсатсиз ва бемақсад бошқармасликларини сўраган.