Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайлов жараёни қандай назорат қилинади?

Сайлов жараёнини назорат қилиш қонун йўли билан тартибга солинмайди. Лекин, ишончли вакилларнинг, кузатувчиларнинг ва оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий мақоми кучайтирилди.

Бунда оммавий ахборот воситалари нималарга эътибор қаратиши зарур?

Бу ҳақда юридик фанлар номзоди, Самарқанд давлат университети ҳуқуқшунослик факультети декани Раҳматулла Мирзаев қуйидагиларни гапириб берди:

-  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнида сайловчиларни, шунинг­дек, дунё ҳамжамиятини ахборотлар билан таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим. Негаки, фуқаролар сайловга тайёргарликнинг бориши ва жараён қандай ўтаётганлигини, сайлов комиссияларининг ишини, уларнинг қарорларини, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлади.

Номзодлар тўғрисида, шунингдек овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали маълумот берилади.

Оммавий ахборот воситалари орқали фуқаролар ўз сайлов ҳуқуқларини қай тарзда амалга ошириш, сайловда қатнашаётган турли сиёсий партиялар ва номзодларнинг асосий сайловолди сиёсий позициялари ва жамиятдаги турли масалаларга қарашларини кенг ёритиб бориши мақсадга мувофиқ.

Оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнидаги яна бир муҳим иштироки уларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш ҳуқуқи билан боғлиқ. Чунки қаердаки жамоатчилик назорати кучли бўлса, ўша ерда одамларда ишончсизлик, шубҳа-гумон уйғотадиган қаллобликларнинг олди олинади. Шу жумладан, сайлов жараёнида ҳам.

Албатта, бунда журналист ёки блогерларнинг тегишли тартибда рўйхатга олингани муҳим аҳамиятга эга. Негаки, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Сайлов кампанияси даврида хорижий давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси аккредитациядан ўтказади.

Оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Ташвиқот бошқа шакллар қатори интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилади. Ташвиқот оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ҳам амалга оширилади.

Ташвиқот олиб борилаётганда номзодларга давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароит таъминланади.

Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин. Нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча номзодлар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Овоз бериш куни сайлов участкасида соат 8:00 да участка сайлов комиссиясининг раиси, комиссия аъзолари, кузатувчилар билан бирга оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкин.

Участка сайлов комиссиясининг аъзолари оммавий ахборот воситалари вакилларига сайлов жараёнини кузатиш учун шарт-шароит яратади.

Таъкидлаш лозимки, сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига оммавий ахборот воситалари вакилларини таклиф қилса-да, оммавий ахборот воситалари ходимлари сайловчига амалий ёрдам кўрсатишга ҳақли эмас.

Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Ф.Рўзибоев ёзиб олди.