Сазағонда бўлганмисиз? Ёки тоғолди қишлоғидан кичик лавҳа

Нуробод туманидаги шундай манзил ҳақида нафақат вилоятимизда, балки бутун республикамизда эшитмаган одам бўлмаса керак. Негаки, пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган бу қишлоқ узоқ йиллик тарихга эга. Шунга монанд ўзининг ривожланиш йўлига ҳам.

Албатта, бошқа жойларда бўлгани каби бу ерда ҳам муаммолар йўқ эмас. Аммо...

Тош давридан қолган макон

Қишлоқ тарихи билан қизиқиб кўрсангиз у ўлкамиздаги энг қадимий манзиллардан бири эканлигига гувоҳ бўласиз. Бир гуруҳ олимларнинг фикрича, Сазағон маданияти Марказий Осиё неолит маданиятлари тизимида мустақил маданият ҳисобланади.

Қишлоқдан 1964 йилда Мавлон Жўрақулов бошлиқ археолог олимлар томонидан неолит даври ёдгорлиги топилган. Ҳозирги кунга қадар давом этаётган тадқиқотлар натижасида бу макондан тоғли жамоаларга хос кўплаб тош қуроллар топиб ўрганилган.

Ушбу маданиятни ўрганиш натижасида Зарафшон воҳаси тоғолди минтақаларида яшаган неолит жамоаларининг турмуш тарзи, маънавий дунёси, хўжалиги, маданий алоқалари масалалари бўйича кўплаб маълумотлар тўпланган. Хусусан, Сазағон маконидан топилган ёрғучоқ, қадаматош (ўроқ) тиғлари зироатчиликдан, қўй, эчки суяклари эса чорвачиликдан далолат беради. Аммо топилмаларнинг умумий таҳлили бу жамоаларнинг асосий хўжалиги овчилик ва теримчилик бўлганлигини кўрсатади.

Қайд этиш лозимки, Сазағон археологик ёдгорликларида олиб борилган қазишмалар чоғида топилган археологик ашёлар, жумладан, тош қуроллар - тош ўзаклари, қирғич, кескич, тешгич ҳамда сополлар Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг «Ўзбекистон дунё маданиятлари чорраҳасида» экспозициясига киритилган.

Қўшимча даромад қандай олинади?

Ҳудудда «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, «Сазағон» маҳалласини паррандачиликка ихтисослаштириш бўйича чора-тадбирлар режалаштирилган. Ўтган йили маҳалла аҳолисига “Navobod naslli parranda” МЧЖ томонидан етиштирилган 10 мингдан зиёд бройлер жўжа тарқатилган. Натижада 50 га яқин хонадон паррандачилик билан доимий шуғулланиш имконига эга бўлган. Маҳалла аҳлининг айтишича, 30-35 кунда тайёр бўлган маҳсулотни корхонанинг ўзи харид қилгани гўштни сотиш муаммосига ўрин қолдирмаган.

- Бу йил ҳудудда асаларичилик бўйича ана шундай тизимни йўлга қўйиш режалаштириляпти, - дейди “Агробанк” туман филиалидан маҳаллага бириктирилган вакил Абдулла Ҳамидов. – Бу орқали яна 50 оила қўшимча даромад олиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, қишлоқдаги тикувчилик цехида 10 дан ортиқ хотин-қиз доимий иш билан таъминланган.

Одамлар азалдан чорва билан шуғулланиб келгани учун бугун ҳам бу ишга қизиқиш кучли. Шу боис, интилиши ва шароити бор хонадонларга майда шохли зотдор қорамол олиб бериш чоралари кўрилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида “Ёшлар дафтари”да рўйхатга олинган 3 нафар йигитга 29 миллион сўмдан кредит ажратилди. Таъминотчи корхона уларга ҳадемай қўзилайдиган 10-11 та қўй келтириб берди.

Камбағаллар йўқ қишлоқ

- Ҳудуддан “ёзувчи” чиқмаган, - дейди биз билан суҳбатда Сазағон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳавоя Раҳмонова. – Негалигини биласизми? Чунки бизда бекорчи, “олма пиш, оғзимга туш”, дейдиган одам йўқ. Масалан, маҳалламизда 1016 та оила бўлса, 718 та хўжалик рўйхатга олинган. Қайсидир оила ота уйида, бошқаси ака-ука бир ҳовлида бўлишига қарамай, менга уй-жой бер, дейдиганлар йўқ. Чунки ер бор, имконига қараб бу йил, бўлмаса кейинги йил ҳовли қилиб олади.

Тўғри, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” юритганмиз. Унга киритилганлар имкон қадар қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, “Аёллар дафтари”да 30 киши рўйхатга олинган. Шу пайтгача доимий даромадга эга бўлган 8 кишини рўйхатдан чиқардик. “Ёшлар дафтари”даги 45 нафар йигитлардан 6 нафарининг бандлиги таъминланди.

Бунда бизга биринчи навбатда ҳудуднинг қулай географик жойлашуви муҳим омил бўлмоқда. Негаки, 10-15 километр масофадаги “Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналарда 100 га яқин аёлларимиз иш билан таъминланган. Тонгда икки-уч автобус олиб кетиб, кечки пайт келтириб қўяди.

Бундан ташқари, ўзимиз ҳам қараб турганимиз йўқ. 1-сектор масъуллари ва бошқа мутасаддилар кўмагида томорқа хўжалигини ривожлантириш учун субсидия асосида иссиқхона қуриб бериляпти, қишлоқ хўжалиги техникалари, аёллар учун пишириқ ва тикув ускуналари ажратиляпти. Шу орқали тез кунларда “дафтар”ларда рўйхатимизни тугатишни режалаштирганмиз.

Мақтаниш бўлса-да, айтиш керак: маҳалламизда табиркорликнинг ҳар бир туридан бор. Оддий мисол, қишлоғимизда дорихонадан тортиб, ўнлаб ҳаммомгача бор.

Муаммо йўқ, десам ёлғон бўлар...

Наҳотки, ҳудудда муаммо бўлмаса, деган саволимизга маҳалла раиси шундай деб жавоб берди.

- Ҳудуддаги симёғочлар маънан эскирган. Улар босқичма-босқич темир-бетон устунларга алмаштириляпти, - дейди Ҳ.Раҳмонова. – Қишда лой, ёзда чанг бўлиб ётадиган 2 километр, балки ундан кўпроқ йўлга аҳолининг кучи билан тош тўкилди. Муаммо қаерда йўқ, дейсиз?!

Опа ҳақ, ҳамма ерда ҳам муаммо бор. Аммо гап унга мутасаддиларнинг нечоғлик эътибор қаратаётганида. Мисол учун, маҳаллани айланарканмиз, ички йўлдаги қачонлардир қилинган асфальт кўча бугун таъмирталаб ҳолга келганига гувоҳ бўлдик. Қолаверса, раис нолимаган бўлса-да, “Аёллар дафтари”да қўли калта, камига ногиронлиги бор икки фуқаронинг уй-жойини таъмирлашга ёрдам зарур.

Дарвоқе, қишлоқ ўртасидан Ўртабел довони ёнидаги булоқдан бошланувчи Сазағонсой оқиб ўтган. Унинг ажиб манзараси ҳар қандай сайёҳни бефарқ қолдирмайди. Гап фақат уни тарғиб қилиш, меҳмонларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратишда.

Ўйлаймизки, мутасаддилар бу жиҳатларга эътибор қаратишади.

Ё.Марқаев.