Сенаторлар Самарқандда бир қатор масалаларни ўрганмоқда
Олий Мажлис юқори палатасининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси А.Тўйчиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни самарали ташкил этиш, ер майдонларидан унумли фойдаланиш, яйлов ва ўрмон фондларида озуқабоп экинлар етиштириш ҳамда чорвачиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари “PUREMILKY PRODUCTS” сут йўналишига ихтисослашган фермер хўжалигида бўлди. Ушбу фермер хўжалиги сут йўналишига ихтисослашган. Ҳозирги кунда 3600 бош қорамол боқилмоқда, шундан 1500 бош соғин сигирлар. Улардан ўртача бир кунлик соғиладиган сут 46 тоннадан зиёдни ташкил этади.

Бу ерда чорва боқиш шароитлари, озуқа тайёрлаш жараёни ва озиқлантириш тизими, замонавий технологиялар, соғиш ускуналари ҳамда чорва саломатлигини назорат қилиш бўйича амалда қўлланилаётган механизмлар каби масалаларга эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳ томонидан масъулларга чорвачилик маҳсулотлари, сут ва гўшт етиштириш ҳажмини ошириш, уларни бозорга етказиш жараёни, ветеринария хизматлари билан ҳамкорлик, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Бугун вилоят кенгашлар уйида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Сенатининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг қўшма йиғилиши ўтказилди.
Унда қўмита ишчи гуруҳи томонидан вилоятимизда яйлов ва ўрмон фонди ерларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, озуқабоп экинлар етиштириш ҳамда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Дастлаб ишчи гуруҳ томонидан вилоятда фойдаланишдан чиққан ер майдонларини фойдаланишга киритиш, аҳолининг яйловлардан фойдаланиши ҳамда уларда юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан маълумотлар берилди.
– Самарқандда сўнгги уч йилда қарийб 30 минг гектар янги ер майдонлари ўзлаштирилиб, фойдаланишга киритилган, – деди Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси А.Тўйчиев. – Жорий йилда барча тоифадаги фермер хўжаликлари томонидан озуқабоп экинлар экиш учун 22,3 минг гектар ер ажратилган. Чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ҳамда чорва моллари наслини яхшилаш мақсадида 375,1 минг бош сигир ва қочириш ёшидаги урғочи молларни сунъий уруғлантириш ишлари ташкил этилган. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида кооперация асосида 2023 йилда 7 туманда сут ва гўшт йўналишидаги қорамоллар тарқатилиб, 264 та янги иш ўрни яратилган.
Бундан ташқари, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва сифатини ошириш мақсадида 2024 йилда фермер хўжаликлари томонидан чет давлатлардан 2,7 минг бош қорамол, 10,1 минг бош қўй-эчки, 1,4 миллион бош парранда, 2025 йилнинг 9 ой давомида 5,1 минг бош қорамол, 8 минг бош қўй-эчки, 1,3 миллион бош парранда олиб келинган.
Бу ишлар натижасида 2024 йилда 135,6 миллион дона тухум ва 6615 тонна товуқ панжалари, 2025 йилнинг ўтган даврида 51,5 миллион дона инкубацион, 17,5 миллион дона истеъмол тухум ҳамда 1507 тонна товуқ панжалари экспорт қилинган.
Қайд этилишича, бугунги кунда вилоятда 688,2 минг гектар яйлов ер майдонлари мавжуд бўлиб, ушбу ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, хариталари тузилган. Шунингдек, деградацияга учраган майдонлардан 1,4 минг гектарига чўл озуқабоп экинлари экилган.
Вилоятда ўрмон фонди ерлари 65,2 минг гектарни ташкил этади. 2025 йилда ўрмон хўжаликларининг 2585 гектар майдонида қишлоқ хўжалиги экинлари экилган ва 1,4 минг тонна маҳсулот олинган.
Йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам борлиги айтилди. Мутахассислар томонидан чорвачилик соҳаси учун зарур кучли озуқа ем компонентларининг 60-70 фоизи четдан импорт қилинганлиги сабабли ҳудудларда чорвачилик маҳсулотлари таннархи ошиб бораётганлиги таъкидланди. Шунингдек, аҳолининг қорамолчиликдаги улуши юқори бўлса-да, уларга озуқа етиштириш учун етарли даражада ер майдонлари ажратилмаётганлиги, чорвачилик тармоғи учун сифатли озуқабоп экинлар уруғларини етиштириб беришда айрим камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари вилоятда 5 минг гектардан ортиқ яйлов ер майдонлари деградацияга учраганлиги ҳамда яйловларнинг йилдан-йилга озуқа маҳсулдорлиги пасайиб бораётганлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида чорвачилик маҳсулотлари, сут ва гўшт етиштириш ва озуқа экинлари ҳажмини ошириш, ерлар деградацияга учрашининг олдини олиш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган қўшма қарор қабул қилинди. Мазкур қарор ижроси бўйича Кенгаш томонидан тизимли назорат ўрнатилиб, навбатдаги муҳокамаларда таҳлил қилиб борилиши белгиланди.
***
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ эса Жомбой туманида ўрганишларни амалга оширди.
Халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгашининг фаолияти, депутатлар ва ходимлар учун яратилган шароитлар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган хоналар, мурожаатлар билан ишлаш тизими ўрганилди.
Бундан ташқари, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида таълим муассасалари битирувчиларининг иш билан таъминланиши юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарори ижроси кўриб чиқилди. Бандлиги таъминланмаган битирувчилар билан ишлашни жадаллаштириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Ишчи гуруҳ 35-сонли умумтаълим мактабида ҳам бўлиб, таълим сифати, ўқув жараёнига яратилган шароитлар, фан лабораториялари, компютер синфлари, кутубхона, спорт майдони ва мактаб ошхонасининг санитария ҳолати ўрганилди.
Шунингдек, ўқитувчиларнинг дарс жараёнини ташкил этиш имкониятлари ва ўқувчиларни зарур жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси баҳоланди. Мактаб раҳбарияти билан учрашувда таълим сифати, давомати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинди.