Шаҳарни чиқиндилардан ким тозалайди?

Олти ой бурун Самарқанд шаҳридаги хонадонлар, ташкилот ва муассасалардан чиқаётган чиқинди билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тўлиқ "Мароқанд Обод" давлат унитар корхонаси зиммасига юклатилганди. Самарқанд шаҳридаги чиқиндиларни ташиш ишлари билан "Мароқанд Обод" давлат унитар корхонасидан ташқари, "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонаси ҳамда иккита хусусий корхона шуғулланарди.

Ўтган йилнинг сентябридан бошлаб "Тоза ҳудуд"нинг шаҳар бўлими барча техникалари билан "Мароқанд Обод" давлат унитар корхонасига топширилди. Чиқинди ташиш билан шуғулланувчи иккита тадбиркорлик субъекти ҳам талабга жавоб бермагани учун ёпилди. Корхона илгари шаҳардаги 62 маҳаллага хизмат кўрсатган бўлса, бугунга келиб шаҳарнинг 208 маҳалласига хизмат кўрсатяпти. Бунинг учун 200 нафардан зиёд ишчи-ходим жалб этилган, корхонанинг 50 та техникаси бор.