Шармандали ёзувлар туширилган суратларни тарқатмаслик учун 400 АҚШ доллар талаб қилган шахс ушланди

Самарқанд шаҳрида яшовчи М.М. (1990 й.т.) ички ишларга мурожаат қилган. Айтилишича, унинг турли шармандали ёзувлар билан акс этган фотосуратлари "Одноклассники" ижтимоий тармоғида "Замира" деган ном билан очилган профилда жойлаштирилган. У профил фойдаланувчиси билан ижтимоий тармоқ орқали боғланиб, фотосуратларни ўчириб ташлашни сўраган, профил эгаси эса бунинг эвазига 400 АҚШ доллари беришни талаб қилган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида товламачилик қилиб, пулларни ўзлаштирмоқчи бўлган шахс Самарқанд шаҳрида яшовчи З.З. эканлиги аниқланган. У пулларни олаётган вақтида ашёвий далил билан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳозирда З.З.га нисбатан ЎзР. ЖКнинг 165-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.