«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг фахрий меҳмонлари учун 50 дан ортиқ хорижий давлатларга таклифнома юборилди

Бу йил Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга ўзгача тайёргарлик кўрилмоқда. Йилдан йилга ушбу нуфузли халқаро танловда иштирок этиш истагида бўлган давлатлар сони ортмоқда. Илк бор фестивалда 31 та мамлакат қатнашган бўлса, 2017 йилда 60 га яқин давлатлардан 250 нафарга яқин иштирокчилар шаҳримизда меҳмон бўлган. Жорий йил фестивалда иштирок этиш истагини билдирган давлатлар сони 78 тага, умумий иштирокчилар сони 316 нафарга етди. Фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун 50 дан ортиқ хорижий давлатга таклифномалар юборилди. Халқаро танловда 37 та давлатдан 33 та мусиқий жамоа ҳамда 157 нафар иштирокчи қатнашиш истагини билдирди.

Халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этиш учун 14 та давлатдан 21 нафар олим, 23 та давлатдан 52 нафар ОАВлари вакили ҳамда 37 та давлатдан 65 нафар фестиваль меҳмонлари (менежерлар, фестиваль директорлари, соҳанинг етук мутахассислари), 19 та давлатдан 20 нафар халқаро ҳайъат аъзоларидан иборат номзодлар рўйхати шакллантирилди.

Юқорида номлари келтирилган фестиваль иштирокчиларининг 109 нафарига Ўзбекистонга келиб-кетиш авиа чипталари бронь қилинди.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимига тайёргарлик кўриш учун Тошкент шаҳридан Самарқандга 214 нафар ижодий жамоа хизмат сафарига юборилди. Шунингдек, Андижон, Фарғона, Наманган, Навоий, Бухоро вилоятларидан эса 16 нафар рақс жамоаси Самарқандда тайёргарлик жараёнида иштирок этмоқда.

 Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида, Шердор мадрасаси ҳовлисида ўтказиладиган тадбир учун саҳнанинг монтаж ва томошабинлар амфитеатрида жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимига тайёргарлик жараёнларига Ўзбекистон санъат арбоби, фестиваль бош режиссёри Баҳодир Йўлдошев бошчилик қилмоқда.