Шахсий ёзишмаларни тарқатиш билан қўрқитиб 28 минг доллар талаб қилган товламачи қўлга олинди

Сурхондарё вилоятининг Узун таманида туғилган, ҳозир эса Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида яшовчи 22 ёшли фуқаро аёл кишини расмини қўйиб, ғаразли ниятда, интернетда саҳифа очади.

Сўнгра Тойлоқ туманида туғилган, ҳозирда эса АҚШда яшаб келаётган фуқаро билан танишади. Улар аввало дўстона, кейинчалик ишқий муносабатларда суҳбатларни давом эттиришган.

Кўп ўтмай, ушбу шахс суҳбатдошидан товламачилик йўли орқали катта миқдордаги маблағни талаб қилишни бошлайди. Даставвал Тошкент вилояти, Чирчиқ банки орқали 400, кейин эса 200 долларни олади.

Кейин эса шахсий ёзишмалар ва оилавий расмларини тарқатиш билан қўрқитиб тойлоқлик фуқародан товламачилик йўли билан яна 28 минг доллар талаб қила бошлайди.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида товламачининг шахси ва яшаш манзили аниқланган.

Самарқанд вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбир натижасида товламачи қўлга олинади.

Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.