ШҲТ трансминтақавий ташкилотга айланмоқда

Самарқандда 13 йил яшаш, ўқиш ва ишлаш бахтига эришган инсон сифатида айтишим керакки, бугун бу ер бутунлай бошқа шаҳарга айланган.

Шаҳарда кейинги йилларда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, қад ростлаган янги бинолар ва яратилган имкониятлар туфайли бу қадимий ва ҳамиша навқирон кент дунёнинг кўзга кўринган шаҳарлари даражасига етган.

Бугун Самарқанд дунё миқёсидаги йирик халқаро тадбирларни ўтказишга тайёр.
Дунёнинг геосиёсатига, геостратегиясига таъсир ўтказадиган халқаро саммитнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши ҳам ўзига хос бир маънога эга. Чунки Самарқанд тарихий шаҳар бўлиши билан бирга, нафақат Марказий Осиё, балки дунё илм-фани ривожига, цивилизациясига ҳисса қўшган маскан.

Самарқандда ўтказиладиган ШҲТнинг навбатдаги саммитида муҳокама этиладиган масалалар, кутилаётган ўзгаришлар, қабул қилинадиган қарорлар ШҲТга аъзо мамлакатлар халқлари манфаатига, шунингдек, бутун дунё геосиёсати, иқтисодиёти ва маданиятига таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш керакки, бугун ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида барқарорлик юзага келган ва бу позитив ҳолат бошқа минтақаларга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Жумладан, ташкилотга Ҳиндистон ва Покистондек Жанубий Осиёнинг етакчи мамлакатларининг аъзо бўлганлиги Евроосиёнинг ички ҳудудига, шу билан бирга Жанубий Осиёга ҳам трансформация эшикларини очди. Шунингдек, Эрон ислом республикасининг бу ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилаётгани ва бу Самарқандда амалга оширилаётгани ташкилот имкониятларининг таъсири яқин Шарқ минтақасига ёйилаётганидан дарак беради. Бу эса ШҲТнинг минтақавий эмас, трансминтақавий ташкилотга айланаётганини кўрсатмоқда.

Баҳромжон СОТИБОЛДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи.