Шифохоналарда даволанаётган мингдан ошиқ бемордан 10 нафарининг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот берди:
– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 4 минг 695 нафарга етди. 10 июнь куни 73, касаллик қайд этилгандан буён 3 минг 532 нафар, яъни 76 фоиз бемор тўлиқ соғайган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 1 минг 144 бемор даволанмоқда, 10 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Сурункали касалликлари бор шахсларда касаллик оғир кечади. Беморларнинг тиббиёт муассасаларига кеч мурожаат қилиши, ўз-ўзини даволашга уриниши ҳам салбий ҳолатларга олиб келяпти. Бундай пайтда тиббиёт ҳам ожизлик қилади. Шунинг учун касаллик аломатлари сезилиши билан шифокорларга мурожаат қилиш, касаллик организмни енгиб олмасидан тегишли муолажаларни бошлаш лозим.