“Сизга маълумот берганим учун раҳматми бу?”: Давлат ташкилоти вакили ОАВга маълумотни хоҳласа беради, бўлмаса йўқми? 

Илгари журналистик фаолиятимизда бундай ҳолатга кўп тушардик. Аста-секин давлат идораларининг матбуотга, умуман, халққа маълумот етказиш борасидаги фикри сал бўлса ҳам ўзгара бошлади. Ўзининг фикри, дунёқарашига эга масъуллар фаолияти юзасидан маълумот бериши унинг мажбурияти эканини тушуна бошлади.

Бу нафақат ОАВ олдида, шу орқали халқ олдидаги мажбуриятдир. Халқ тўлаган солиқлардан ойлик олдингми, халқнинг солиқларини турли лойиҳаларга ишлатяпсанми, ҳисобот, маълумот билан танишишга одамлар ҳақли.

Ана шу оддийгина ҳақиқатга фаҳми етмаган, халққа керак маълумотни “босиб ётишга” одатланган корхона-ташкилот вакиллари ҳали ҳам бор. Вазирлар, ҳокимлар ОАВ олдида ҳисобот бераётган ҳозирги даврга келиб бу юқоридаги “амалдорча”лар ёки айрим бошқарма вакиллари унинг ташкилотини танқид қилган журналистга “Сизга маълумот берганим учун раҳматми бу?” қабилидаги миннатини қилиб турибди. Очиқлик тўғрисидаги кўплаб ҳужжатлар маънисини улар тушунмаса ҳам керак. Энг қизиғи, “мен маълумот беришга мажбурмасман” деган тушунчадагилар ҳам бор. Кечирасиз, ҳеч нарсани яширишга ҳаққингиз йўқ аслида!

Худди шундай тоифадаги бир шахс кеча қўнғироқ қилди (бу материални ўқишини ва хулоса чиқаришини билганим учун исм-фамилиясини бермадим, хулоса чиқаради деб ўйлайман).

- Фалончаев сизларда ишлайдими? Қаердан келиб қолган? Қанақа одам? Раҳмати шуми бизга?...

Эртаси куни “Фалончаев”нинг ҳам хонасига кириб вазиятни тўлиқроқ билдим. Хуллас, таҳририятимиздаги ёш мухбирлардан бири бу йигит. Маълум бўлдики, у бошқарма вакилидан беш кун маълумот сўраб чарчаган. Охирги кун олган маълумотидан ҳам кўнгли тўлмаган ва ўзи жойларга чиқиб, ҳақиқий ҳолат билан эринмай танишиб чиққан. Бор ҳолатни ёзган. Бор ҳолат эса бошқарма масъулига ёқмаган. Ёш мухбирга боғланиб юқоридаги гапни айтган...

 Ўша бошқарма вакилининг яна бир гапи унинг савиясига ачинишимга сабаб бўлди: “Мен маълумот беришга мажбурмасман”. Хуллас, афтидан ҳали кўплаб ташкилот идоралар вакиллари ОАВ ва халқ олдида ҳисобдор эканини ҳис қилолган эмас. Қилолмаса ҳам керак бу димоғ билан. Уларни ё ўқитиш керак ёки...

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.