Солиқ концепцияси корхона фаолиятини изчил ривожлантиришга, ишчилар сони ва иш ҳақи ошишига имкон беради
2019 йил 1 январдан янги солиқ концепцияси кучга кирди. Концепциянинг амалиётга жорий этилиши ишлаб чиқариш фаолиятидаги корхоналарга қандай таъсир қилади?
Абдулла УМАРОВ,
«Асл Нафис» масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармонига асосан, мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба солиқ концепцияси амалиётга татбиқ этилди. Бу корхоналарда ишчилар сонини ошириш, иш ҳақини кўпайтириш, маҳсулот таннархини пасайтириш, бир сўз билан айтганда, «конверт»да иш ҳақи тўлашга барҳам беради.
Масалан, аввал Самарқанд шаҳри бўйича 431 та корхона умумбелгиланган солиқ тўловчи ҳисобланган бўлса, эндиликда улар сони 1182 тага етди. Улардан жорий йил якунига қадар 270 миллиард сўмдан ортиқ қўшилган қиймат солиғи ундирилиши кутилмоқда. Бунинг учун Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан 2018 йилда товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган 831 юридик шахс ва 224 якка тартибдаги тадбиркор билан умумбелгиланган солиқ тўловларига ўтиши бўйича тушунтиришлар олиб борилди. Шунингдек, ушбу корхоналарга 100 дан ортиқ малакали мутахассислар бириктирилиб, солиқ тўловчининг манзилига бориб амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Энди солиқ концепциясининг афзаллигига тўхталиб ўтсак. Мисол учун, «Асл Нафис» масъулияти чекланган жамияти 2018 йилда корхона бюджетга (бюджетдан ташқари жамғармалар билан) 910,9 миллион сўм солиқ тўлаган. 2019 йилдан жамият умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилди. Корхона томонидан харид қилинаётган хомашё маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғи билан сотиб олиниши сабабли маҳсулот таннархи бевосита пасаяди. Чунки хомашё сотиб олинаётганда қўшилган қиймат солиғи тўланган ҳисобланиб, бюджетга тўланаётган суммадан чегириб қолинади. Агар корхона жорий йилда 8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарса, шундан 845,4 миллион сўм солиқ тўланади. Шундай экан, солиқ концепцияси корхоналар учун солиқларни тўлаш, ишчилар сони ва иш ҳақини ошириш имконини беради.
Саволга Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Шуҳрат ҲАСАНОВ жавоб берди.