Сойғўсликларнинг қандай муаммолари бор?
29 январь куни республика ва вилоятнинг бир неча соҳа ва тармоқ вакиллари Ургут туманининг олис Сойғўс қишлоғида жам бўлди.
Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудуддаги тоғ, қир-адирлар бағрида жойлашган қишлоқ аҳолиси билан учрашди ва уларни қийнаб келаётган муаммоларини бирма-бир ўрганиб, жойида ҳал этиш чораларини кўрди.
- Мақсадимиз вилоятнинг энг чекка қишлоғи аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш, - деди Б.Парпиев. – Маҳалла кўчалари, айниқса, мактабга бориш йўлларнинг таъмирланиши бугунги куннинг муҳим масаласи, бу ҳудудда йўлларнинг торлиги ҳам ўрганиб чиқилмоқда. Куннинг совуқлиги инобатга олиниб, ҳозирча тош тўкилади. Туман марказига элтувчи автобус қатновини ҳам йўлга қўямиз.
Дастлаб Сойғўсда жойлашган 32-умумий ўрта таълим мактабида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Қишлоққа олиб борувчи йўл ва ички 8 километр йўлга тош тўкилиб, текисланди, аҳолига 350 та суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди.
Умуман, шу куннинг ўзида Сойғўсда қуйидаги ишлар амалга оширилди:
▪️ маҳалла ҳудудидаги қишлоқ врачлик пунктига “Дамас” русумли 2 та тез тиббий ёрдам автомашинаси ва маҳалла ҳудудидаги ўқувчиларнинг мактабга қатнаши учун автобус ажратилди.
🔹 вилоят “Сув таъминот” масъулияти чекланган жамияти туман бўлими томонидан маҳаллада жойлашган мавжуд сув тўплаш ҳовузи атрофи ободонлаштирилди, ҳовуз кузатув қопқоғи пайвандланиб, соз ҳолатга келтирилди.
▪️ маҳалладаги марказлашган ичимлик суви тармоғи билан таъминланмаган аҳоли хонадонларига махсус сув ташиш техникаси орқали тоза ичимлик суви етказиб берилди.
▪️ маҳаллада яшовчи кам таъминланган 5 оилага ва 32-мактабга тоза ичимлик сувини ташиб ичиш учун махсус идишлар тарқатилди.
🔹 “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти корхонасининг Ургут филиали томонидан 105 хонадонга 2,1 тонна суюлтирилган газ ҳамда маҳалланинг 16 хонадонига янги маиший газ баллони етказиб берилди.
▪️ маҳалланинг 4 хонадонида газ плиталарининг таъмирлаш ишлари олиб борилди.
🔹 “Ургут тумани электр тармоқлари корхонаси” томонидан маҳалладаги 1 та трансформатор, 4,5 километрлик турли электр кабеллари, 68 та симёғоч ўрнига беон-устун ўрнатилди.
🔹 туман бандлика кўмаклашиш маркази томонидан 2 фуқарога ишсизлик нафақаси тайинлаш белгиланди, 3 фуқарога “Ургаз Карпет” қўшма корхонасида ишлаш учун йўлланма берилди.
▪️ 1 фуқарога субсидия маблағи ҳисобидан иссиқхона қуриладиган бўлди.
🔹 туман фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан маҳалладаги мавжуд кам таъминланган 10 оилага 50 нафар мутахассис бириктирилиб, уларнинг хонадони ободонлаштирилди ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 45 хонадоннинг дудбўронлари тозаланди, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги бўйича 1250 дона эслатмалар тарқарилди.
🔹 туман тижорат банклари томонидан 26 фуқарога тикувчилик, иссиқхона ташкил қилиш, чорвачилик билан шуғулланиш йўналишида кредит расмийлаштиришга киришилди.
Ҳусан Элтоев.