Суд қарорлари ҳам, масъул идоралар хулосалари ҳам қонунчилик талаби асосида, аммо муаммо ҳал бўлмаяпти

Ўзим ҳуқуқшуносман. Фаолиятим тақозоси билан фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича кўпгина суд ва қонунчилик билан боғлиқ ишларда иштирок этаман. Лекин иш юритувимдаги мана бу воқеа, аниқроғи, унга муносабат сабабини ҳатто тўплаган тажрибам орқали ҳам тушуна олмаяпман. Шу боис уни сизлар билан баҳам кўришни истадим.

Паст Дарғом туманидаги Балхиён маҳалласида яшаётган Рисолат Худойбердиева менга 2018 йилда маҳалладошларининг унинг хонадони дарвозаси қаршисида ноқонуний иморат солгани, оқибатда уйга кириб-чиқиш, хонадонига бирор юк олиб кирмоқчи бўлса, қийналаётгани ҳамда бу ҳолатни ижобий ҳал этишда кўмак сўраганида иш тезда ҳал бўлади, ё қонун асосида, ё маҳалладошчилик, элчилик одатларимизга кўра ўз ечимини топади, деб ўйлагандим. Афсуски, мана, салкам беш йилдирки, масала йўғон ичакдек чўзилиб келмоқда. Нима учун, дерсиз. Келинг, ҳолатни билиб олиш учун айрим ҳужжатларга мурожаат қилайлик.

Р.Худойбердиеванинг яшаб турган уй-жойига нисбатан эгалик ва кадастр ҳужжатлари бор, бу ҳақда туман ҳокимининг қарори қабул қилинган. 2016 йилда шу маҳаллада яшовчи фуқаро А.Нарзиев Р.Худойбердиеванинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид равишда кўча дарвозаси ва ҳовлисига кириш-чиқиш йўлини беркитиб, мавжуд дарахтларини кесиб, оқар сув ариғини кўмиб, ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари қилган.

Гарчи қурилиш ноқонуний деб топилса-да, у бу ишларини уч марта амалга оширган. Масалан, А.Нарзиевнинг 2009 йилда 2 сотих ер майдонига қурган савдо дўкони вилоят ишчи гуруҳи томонидан “ноқонуний қурилиш” деб топилиб, буздирилган.

Унинг ушбу ҳудудда қурган иккинчи қурилиши туман ҳокимининг фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом туманлараро судига киритган даъво аризасига кўра 2016 йил 14 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан “ноқонуний қурилган бино” деб топилиб, буздирилиши белгиланган.

А.Нарзиев ушбу қурилишни батамом бузиб ташламасдан шу йилда учинчи ноқонуний қурилишини бошлаб юборади ва Р.Худойбердиеванинг топографик планида кўрсатилган йўл, ариқ усти ва кўча дарвозасини беркитиб қўйган ҳолат ва деворига тақаган ҳолда туман ҳокимининг қурилиш учун қарорини олмасдан ва қурилиш майдони чегараларини аниқлатмасдан туриб савдо дўкони ва автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриб бошлайди.

Қўлимизда ушбу қурилишларнинг ноқонуний эканлигини исботловчи далиллар бор. Жумладан, вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри А.Нарзиевга асоссиз равишда 0,04 гектар ер майдони бириктириб берилганлиги ва ушбу қарор бекор қилиниши тўғрисида туман ҳокимига тақдимнома киритилган хат, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Паст Дарғом тумани филиалининг Р.Худойбердиевага тегишли бўлган уй-жойнинг топографик планида кўрсатилган йўл ва ариқ устидан уй-жойнинг деворига тақалган ҳолда қурилиш қилинганлиги ва кўчмас мулк кадастри туман филиалидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги ҳақидаги хат, туман бош архитектори Н.Раҳимовнинг А.Нарзиевда ушбу қурилишларни амалга ошириш учун қўлида қарори мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумоти. Шу билан бирга, фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом тумани судининг А.Нарзиев томонидан қурилган иккинчи қурилишга рухсат берилмаганлиги, у ўзбошимчалик билан қурилганлиги, буздирилиши зарурлиги ҳақидаги қарори, мутахассисларнинг экспертиза ҳужжатлари ва қурилиш қилиш учун техник шартларда техник хизмат кўрсатиш станцияларидан турар жой уйлари ва жамоат бинолари деворигача бўлган масофа 15 метрдан кам бўлмаслиги ҳақидаги хулосалари бор. Энг муҳими, Бош прокуратуранинг (2019 йил 5 сентябрдаги 14/-732-19-2564-сонли хати) туман ҳокимлиги томонидан А.Нарзиевга мазкур қурилишларни тўхтатиш ва ер майдонини туман захирасига қайтариш ҳақидаги огоҳлантириши ва бу ҳақда ҳокимлик судга даъво ариза киритиши лозимлиги билдирилиб, А.Нарзиевнинг қурилиши “ноқонуний” эканлиги асослантирилган.

Ушбу ҳужжатлар ва суд қарорларини илова қилган ҳолда Паст Дарғом тумани ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилдик. Мурожаатларимиз ижобий ҳал этилмагач, Қурилиш вазирига хат йўлладик. Бу мурожаатимиз Қурилиш вазирлигида назоратга олиниб, вазирлик вакили С.Холқўзиев раҳбарлигида вилоят ва туман мутахассислари иштирокида ўрганиб чиқилди ва 2020 йил 13 ноябрда иморатлар асослантирувчи ҳужжатларсиз қурилганлиги ҳақида хулоса тақдим этилди.

Шундан кейин ҳам масала ҳал бўлмагач, вилоят ҳокимининг телеграмм мессенжерига хат йўлладик. Ушбу мурожаатимизга асосан ҳолат вилоят қурилиш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Вилоят қурилиш бошқармасининг 2021 йил 13 августдаги жавоб хатида А.Нарзиев томонидан амалга оширилаётган қурилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 июлдаги 603-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 4-график 18-банди, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 467-сонли қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги 41-сонли қарори, Шаҳарсозлик кодексининг 10, 11, 31, 60 ва 80-моддаларида белгиланган талабларга зид, яъни ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари амалга оширилганлиги айтилган. Шу сабабли Шаҳарсозлик кодексининг 22-моддасига асосан қонунда белгиланган тартибда чора кўришлик сўралиб, бунинг натижаси Паст Дарғом тумани ҳокимлигига йўналтирилган.

  Бугун қўлимизда шунча асосли ҳужжатлар бўла туриб, Р.Худойбердиеванинг муаммоси ҳал бўлмаяпти. Чунки қонунчилик талабларига кўра, ишни ҳал этиш учун Паст Дарғом тумани ҳокимлиги томонидан судга даъво аризаси киритилиши керак. Аммо ҳокимлик бу ишни ҳадеганда амалга оширмай, бизга номаълум бўлган сабабларга кўра пайсалга солиб келяпти. Хўш, нега?

Шу сабабли 2021 йил 26 августдан бугунги кунгача Паст Дарғом тумани ҳокимлиги эшигидан масаламиз ҳал бўлмай, овора бўлиб қайтиб келяпмиз.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 467-сонли қарорининг 1-иловасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги туман, шаҳар ҳокимининг қарори мавжудлигини, давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциясининг қурилиш монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсатномаси ёки уй-жой қурилиши учун туман, шаҳар архитектори билан келишилган якка тартибда ишлаб чиқилган лойиҳанинг мавжудлигини, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилганлигини текшириш орқали амалга оширилади, дейилган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 212-моддасида “...қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер, яъни туман ҳокимининг қурилишга ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорисиз участкаларида қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Бундай иморат суднинг қарори билан бузиб ташланиши лозим, ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишига сабаб бўлса ёхуд фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдирса, юқорида кўрсатилган шахсларнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилиши мумкин эмас”лиги кўрсатилиб ўтилган.

Юртимизда тадбиркорлик қилиш учун зарур шароитлар, имкониятлар яратилган. Лекин тадбиркор зиммасига масъулият, мавжуд қонунчилик талабларига сўзсиз риоя қилиш ҳам юклатилган. Аммо А.Нарзиевнинг биргина қурилиш ишларини қонунчилик талабларига зид равишда, атрофда яшовчи аҳоли билан ҳисоблашмасдан, аксинча уларнинг оддий яшаш, турмуш кечиришлари учун халақит бериб, фаолият юритиши тўғрими? Аҳолига техник хизмат кўрсатиш шохобчалари турар жой уйлари ва жамоат бинолари деворидан камида 15 метр масофа олисда қурилиши кераклиги ҳақидаги меъёр наҳотки тадбиркорни, қолаверса ҳокимлик мутасаддиларини ўйлантирмаса? Р.Худойбердиеванинг дарвозаси олди йўли ёпиб қўйилганини, атрофни дизель ёқилғиси ҳиди қоплаб олганини, техникалар шовқини йиллар давомида саломатликка зарар келтираётганини ким ўйлайди? Элчилик, маҳалладошлик удумлари талаблари моддий манфаат остида қолиб кетдими?

Хуллас, бу муаммо туман ҳокимлиги томонидан судга даъво ариза киритилиши орқали чек қўйилиши мумкин. Чунки юқорида баён этган муаммо - ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилишнинг ер майдони ҳокимлик эгалигида. Маҳаллий бошқарув органлари қонунчилигимиз, Президентимиз томонидан аҳоли тинч-тотувлиги, манфаатларини таъминлашга масъул экан, туман ҳокимлигининг ушбу масала ижобий ҳал этилишига бефарқ бўлмаслигидан умидвормиз.

Фахриддин Кубаев,

Рисолат Худойбердиеванинг қонуний вакили, юрист.