Суданда жанглар давом этмоқда: чет элликлар эвакуацияси бошланган

Судандан хорижликларни эвакуация қилаётган биринчи кемалар Саудия Арабистонининг Жидда портига тўхтади.

Ҳаммаси бўлиб, 12 мамлакатнинг 150 дан ортиқ фуқаролари аллақачон денгиз орқали эвакуация қилинган. Буюк Британия, АҚШ, Франция ва Хитойда, шунингдек, бир қатор бошқа мамлакатлар ўз ватандошларини ҳарбий ҳаво кучлари самолётларида олиб чиқишмоқда.

Аввалроқ Судан армияси бош қўмондони генерал Бурҳон хорижликларни эвакуация қилишга расман рухсат берган эди. Шу билан бирга, у армия баъзи йирик аэропортлар, жумладан, пойтахт Хартумни назорат қилмаётганини, бу эса эвакуация қилишда муаммолар туғдириши мумкинлигини тан олган.

Шанба куни Суданда жанглар мусулмонларнинг Ийд ал-Фитр байрами туфайли юзага келган нисбатан хотиржамликдан сўнг янги куч билан бошланди. Бир ҳафтадан ортиқ вақтдан бери жанглар давом этмоқда. Бу вақт ичида, Судан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 600 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 3500 дан ортиқ киши жароҳатланган.