Сурия ва Туркия: зилзиладан 5 ой ўтгач

Сурия ва Туркияда даҳшатли зилзиладан кейин беш ой ичида нима ўзгарди? UNICEF вакили ҳозирги вазият ҳақида гапирди.

Ёрдам ҳали кўп керак бўлади
Февраль ойида Туркия жануби ва Сурия шимоли-ғарбида содир бўлган даҳшатли зилзилалар миллионлаб одамлар учун фожиа бўлди.

UNICEFнинг Туркиядаги вакили Паоло Манчи зилзиладан сўнг нималар қилингани ва зарар кўрган ҳудудлар ҳақда шундай дейди:

"Беш ой ичида вазият ўзгарди. Биз драма, эҳтимол ҳамма кўрадиган ҳалокатли тасвирлардан ўтиб, тикланиш сари ўтдик. Айни пайтда вазият шундан иборатки, биз аллақачон тикланиш босқичидамиз. Баъзи шаҳар марказларида қайта қуриш бошланди", деди Манчи.

Унинг сўзларига кўра, ҳаёт нормаллашмоқда, бироқ UNICEF ҳисоб-китобларига кўра, 4 миллионга яқин бола ҳамон гуманитар ёрдамга муҳтож, 1,6 миллион киши эса чодирлар ёки бошқа вақтинчалик бошпаналарда яшамоқда. Шаҳарларда ҳам одамлар ёрдамга жуда муҳтож. Туркияда солиқларни камайтириш ва бир муддат пастроқ даражада ушлаб туриш каби янги чоралар таклиф қилинмоқда.

Ҳали ёрдамга эҳтиёж узоқ давом этади: бу фожиа Туркияда 15 миллионга яқин, Сурияда эса 5 миллиондан ортиқ кишига зарар етказди.

Асосий муаммолардан бири аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдир. UNICEF маълумотларига кўра, Туркияда вақтинчалик турар-жойларда яшовчи 1,6 миллион киши ҳалигача сувдан доимий фойдалана олмаяпти. Суриядаги вазият жанглар туфайли мураккаблашган.

Яна бир муаммо - болаларнинг таълим олиш имкониятини таъминлаш. Ҳозир мамлакатда ёзги таътил, Халқ таълими вазирлиги зарарланган ҳудудлардаги болаларнинг мактабга мунтазам бориши учун янги ўқув йилига тайёргарлик кўришга ҳаракат қилмоқда.

Шифокорлар ва психологлар иши
Шифокор ва психологларга талаб катта. Туркияда фаолият юритаётган UNICEF зарар кўрган ҳудудларга имкон қадар кўпроқ мутахассис жўнатишга ҳаракат қилмоқда.