Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сув тежамкор технология жорий этган хўжаликка қанча субсидия берилади?

Минтақамизда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда. Жумладан, бу йил ўтган йилга нисбатан деярли барча ҳудудларда сув анча камайгани жиддий қийинчилик келтириб чиқарди.

Ушбу шароитда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ҳосилдорликни муттасил равишда ошириб бориш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш олдимизда турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Республикамиз, хусусан, вилоятимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида экин ер майдонларидан йилига камида 2-3 мартадан ҳосил олиш натижасида сувга бўлган талаб янада ортмоқда.

Бундан кейин эҳтиёжни қондириш учун сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш лозим.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 25 октябрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори соҳага замонавий тежамкор технологияларни қўллашда енгилликлар яратди. Хусусан, сув тежовчи воситалар жорий қилинган 1 гектар майдон учун 8 миллион сўм, 1 гектар ёмғирлатиб суғориш технологияси учун 4 миллион сўмдан ҳамда 1 гектар дискертли суғориш технологияси учун 1 миллион сўмдан субсидия берилади. Шунингдек, майдонларга томчилатиб суғориш тизими ўрнатилгандан 5 йил муддатга ер солиғидан озод қилинган.

Шу ўринда тежамкор технологияни жорий этган хўжаликларнинг субсидия олиш тартибига ойдинлик киритсак. Бу мақсадлар учун субсидия бюджет маблағлари ҳисобидан берилади. Бунинг учун ҳар бир туманда соҳага алоқадор идораларнинг вакиллардан иборат махсус комиссиялар ташкил этилган. Замонавий технология тўлиқ жорий этилгандан сўнг улар томонидан тасдиқланади ва субсидия олиш учун хулоса берилади.

Вилоятда ҳозиргача мавжуд ер майдонларининг 34 минг гектарида (9 фоизи) сув тежовчи технологиялар жорий қилинди.

Жумладан, 21,6 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш (6068 гектар пахта, 10 минг 853 гектар боғ, 2768 гектар узум ва 1912 гектар сабзавот), ёмғирлатиб суғориш тизими 120 гектар (сабзовот ва бошқа экинлар)да, 12,4 минг гектар пахта ва ғалла майдонларида кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш технологияси жорий этилди.

2020 йилгача вилоятда 16 минг гектарда ёки умумий суғориладиган майдоннинг 4,2 фоизида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлса, жорий йилда 5,65 минг гектарда ушбу технология қўлланилди. Эгатлаб суғориш оқибатида йилига қарийб 400-450 миллион метр куб ёки 15 фоиз сув далада беҳуда сарфланади. Бу эса насос станциялари ва суғориш қудуқлари учун сарфланаётган электр энергияси харажатлари исроф бўлади. Мутахассислар билан бирга томчилатиб суғориш жорий қилинган 4 минг 500 гектар пахта майдонида сув сарфини таҳлил қилдик. Агар бу майдонни анъанавий йўл билан суғорганимизда ўртача 28 миллион 350 минг куб метр сув ишлатилади, томчилатиб суғоришда ушбу майдонларга 17 миллион 250 минг куб метр сув сарфланди ёки 11 миллион 100 минг куб метр сув тежалди.

Фарҳод РАЖАБОВ,

Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи.