Сувнинг ҳисобини билмайдиган сувчилар идорасидан қачон жавоб бўлади?
Дарё тошиб кетди, сел келди, сув босди, тошқин... Бу каби хабарларни деярли ҳар куни эшитяпмиз, ўқияпмиз. Ижтимоий тармоқларда ҳам бундай хабарлар тўлиб кетган.
Баҳорги ёмғирларнинг ҳар йилгидан кўп бўлиши дарёлар, сув омборларининг тўлиши ва айрим ҳудудларда сув тошқинларини келтириб чиқарди. Кимлардир бундан азият чекди, ёзда деҳқончилик учун сув етарли, маҳсулот мўл бўлишини айтганлар ҳам бўлди. Zarnews.uz сайтида ҳам Ургут туманидаги "Қоратепа" сув омборининг тўлганлиги акс этган суратлар эълон қилинди. Лекин ҳозирда дарёларимиз, сув омборларимизда қанча сув борлиги, суғорма деҳқончилик учун бир мавсумда қанча сувга эҳтиёжимиз борлиги, ҳозир қайси сув омборида қанча сув жамғарилганини аниқ миқдорини билмаймиз. Бу борада маълумот олиш учун Зарафшон ирригация тизимлари ва ҳавза бошқармаси матбуот хизматига мурожаат қилганимизга бир ойдан ошдики, эрта-индиндан нарига ўтмайди. Сувнинг ҳисобини юритадиган бундай катта ташкилотдан йилда бир ёки икки марта маълумот сўралади, унда ҳам мурожаатга бепарво муносабат бўлса...
Ваҳоланки, оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак.