Светлана Ортиқова: “Ҳайит ошини ҳам, пасха куличисини ҳам бир дастурхон атрофида тановул қилганмиз”
У ёки бу давлатда содир бўлаётган можаролар, қонли тўқнашувлар сабабчилари қолиб, уларнинг миллатига урғу берилаётгани ва ўша миллат вакилларига нисбатан нафратнинг ошкора айтилиши кундан-кунга кучайиб бормоқда. Шу миллат эътиқод қиладиган динга тош отилиши, шубҳа остига олиниши, ўша дин вакилларига ишончсизлик ҳам рўй бераётгани фожиа, тинчлик ва тотувликка, ўзаро ишончга ўт қўяётган фожиа.
Гарчи “Террорчининг миллати йўқ”, “Уруш бир миллатнинг фожиаси эмас”, каби иборалар қайта-қайта ишлатилаётган бўлса-да, ҳаётимизга нанотехнологиялар кириб келаётган замонавий асрда миллатлараро этиканинг, журналистиканинг қатор қоидалари қўпол равишда бузилмоқда. Хўш, бугун ҳам дунёнинг қайсидир бир давлатида содир бўлаётган ҳужумлар ҳақида гапираётиб, жиноятчининг миллати ва дини эслатиб ўтилиши нега бу қадар хавфли? Нега ҳамма билган қоидага бу масалада амал қилинмаяпти?
Пойтахтда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган “Марказий Осиёда динлараро ва бир дин ичидаги бағрикенглик масалаларини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзуидаги халқаро давра суҳбати шу ва шу каби масалаларни атрофлича муҳокама этиш учун қулай майдонга айланди.
Қулайлиги шундаки, унда ўзбекистонлик экспертлар билан бир қаторда, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистондан келган медиатренерлар, олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Анжуманнинг очилиш маросимида UCAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси демократия ва бошқарув бўйича идораси директори Фей Хаселкорн, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари Гулнора Бобожонова мазкур масаланинг бугунги кун учун нечоғлик долзарбли эканига тўхталди.
- Наманган вилоятида, оддий ўзбек оиласида туғилиб, ўсганман, - дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова. – Отам ўзбек, онам украин миллатига мансуб бўлгани учун ҳайитни ҳам, пасхани ҳам нишонлаганмиз. Куличини ҳам, ҳайит ошини ҳам бирдай, байрамона тановул қилганмиз. Ота-оналаримиз, болалар ўртасида у ёки бу дин, миллат вакиллари камситилишни ҳеч кузатмаганмиз. Бошқа дин, миллат вакилларига дўстона муносабат аслида оилада бошланиб, бутун жамиятда, дунёда ҳукм суриши лозим бўлган муҳим жараёнлардан бири. Негаки, қонун устувор мамлакатда инсон кўнглидаги эътиқодга дахл қилиш ҳам тақиқланади. Мамлакатимизда кейинги йилларда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш мақсадида 50 га яқин қонун ҳужжатлари, 40 дан ортиқ қарорлар қабул қилинди. Бу масалада қатор ижобий ўзгаришлар рўй берди.
Гарчи ўзгаришлар содир бўлаётган, мамлакатимиз диний бағрикенглик масалаларида халқаро доираларда эътироф этилаётган бўлса-да, бугун ҳатто бир дин ичидаги ўзаро келишмовчиликка замин яратаётган махсус гуруҳлар ҳам борлиги ташвишли. Дейлик, рўмол ўраш, соқол қўйиш, кўпхотинлик каби қатор масалаларни қайта-қайта ижтимоий тармоқларга олиб чиқиш, аҳолига давлат идоралари ходимларини салбий бўёқда кўрсатиш каби ҳолатлар учрамоқда.
- Бошқа динларга нисбатан тоқатсизлик бу кеча ёки бугун пайдо бўлган муаммо эмас, - дейди ЎзМУ журналистика факультети профессори Ёқутхон Маматова. – Аммо глобализация, тўсиқсиз интернет, бир ахборот сониялар ичида бутун дунёга тарқалаётган пайтда бу масала ташвишли оқибатларни келтириб чиқараётганига қатор мисолларни келтиришимиз мумкин. Журналистларнинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масалаларини замонавий мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда ёритиши айниқса муҳим. Турли террорчилик ҳаракатларига оид ёки диний терминларни, албатта, мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда ишлатиш керак. Биринчи навбатда ўзи бу масалада саводхон бўлиши зарур.
Конференция давомида, шунингдек, кўп маданиятли жамиятда дин, жамоатчилик ва конфессиялараро мулоқотнинг ўрни, диний мавзуларни ёритишида ахлоқий меъёрлар, халқаро стандартлар ва бошқа кўплаб мавзулар бўйича фикр алмашилди. Марказий Осиё давлатлари тажрибаси ўрганилди, амалий сессияларда билимлар мустаҳкамланди.
Гулруҳ Мўминова.