«Тадбиркор» инвесторни тунади
Юртимизда хорижий инвестицияларни жалб этиш, инвесторларга шароитлар яратиш борасида қатор ишлар амалга ошириляпти. Бироқ айрим «тадбиркорлар» ҳудудларга инвестиция киритаётган, аҳолига янги иш ўрни яратаётган, иқтисодиётимизнинг ривожланишига ҳисса қўшаётган сармоядорларга кўмак бериш, қўллаб-қувватлаш ўрнига улардан ўз манфаати йўлида фойдаланишни кўзламоқда.
Хитой давлати фуқароси, инвестор Лю Сижун ҳам вилоятимизга, хусусан, Иштихон туманига келиб, бу ердан Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали ҳудудга инвестиция киритиш ва қўшимча иш ўринлари яратишни ният қилган эди. У шу мақсадда “Long Jiang” масъулияти чекланган жамияти ташкил этди.
Мавжуд қонунчиликка кўра, мазкур корхонага шу ерлик тадбиркор ҳам жалб қилиниши керак. Шу боис у «тадбиркор» Иззат Ибодуллаев (исм-фамилия ўзгартирилган) ни корхона директори бўлишига розилик беради. Хитойлик инвестор ишончига кирган И.Ибодуллаев эса фаолият бошлаганидан 5 ой ўтиб, 2018 йилнинг октябрь ойида маҳсулот экспорт қилиш учун корхона ҳисоб рақамига Хитой давлатидан кўчирилган 180 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг бир қисмига эгалик қилиш йўлларини излайди. Ниҳоят у ушбу пулларнинг 400 миллион сўмини ўзи раҳбарлик қилиб келаётган бошқа корхона - “Бек Юсуф экспорт” масъулияти чекланган жамиятининг банкдан олинган кредит тўловларини тўлаш учун ўтказиб юборади.
Инвестор бекорга пулдор эмас. У ҳар бир тийинни қандай топиш-у қаерга сарфлашни, пули қаёққа тушаётганини жуда яхши билади. Лю Сижун ҳам ҳисоб-китобда оз эмас-кўп эмас, нақд 400 миллион сўмнинг кам чиқаётганини билгач, аввал И.Ибодуллаевга пулни қайтаришни сўрайди. «Тадбиркор» экспортга чиқарилган маҳсулотлардан тушадиган фойда эвазига «пулни жойига қўйиш»ини айтиб, вақтни ўтказавергач, туман прокуратурасига мурожаат қилади…
Ушбу иш 2019 йил 4 сентябрда жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида кўрилди. Натижада И.Ибодуллаев инвесторнинг сармоясини тўлаш билан бирга, унга келтирган зарарни ҳам қоплайдиган бўлди.
Беҳзод ТОҲИРОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим катта тафтишчиси.
Фармон ҲАМРОҚУЛОВ,
департаментнинг Иштихон туман бўлими бошлиғи.