Талабалар 16 мартдан икки ҳафта муддатга таътилга чиқарилади
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар белгиланди:
- барча олий таълим муассасалари (ОТМ), академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 2020 йил 16 мартдан эътиборан ўқиш тўхтатилиб, ўқувчи-талабалар икки ҳафта муддатга (ҳозирча) таътилга чиқарилади, таълим муассасаларида карантин жорий қилинади;
- Тошкент шаҳрида жойлашган ОТМлар талабалар турар жойлари (ТТЖ)дан талабалар доимий яшаш жойларига юборилади ва ТТЖлар 18 март куни, вилоятларда жойлашган ОТМлар ТТЖлари жорий йил 17 март куни ёпилади;
- бошқа вилоятлардан келиб, Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар автобус, поезд ва самолётларда доимий яшаш жойларига қайтиши учун қуйидаги манзилларда имтиёзли чипталар сотилиши йўлга қўйилади:
- ЎзМУ, вазирлик ҳузуридаги «Маънавият ва маърифат» Маркази, ЎзДЖТУ, ТТА ТТЖ ва ўқув биноси, ТИҚХММИ ТТЖ, ТДПУ ТТЖ;
- ОТМларда мавжуд модуллар профессор-ўқитувчилар томонидан тегишли контент билан тўлдирилади ва таълим масофавий шаклда амалга оширилади;
- вазирликда, ОТМларда (проректорлар, факультет деканлари, мураббийлардан иборат) штаблар тузилади ва талабаларнинг таътилга чиқиши билан боғлиқ ташкилий ишлар мувофиқлаштириб борилади;
- таълимнинг сиртқи шаклида таҳсил олаётган талабалар ҳамда малака ошириш курсларига жалб қилинган ўқитувчилар учун таълим он-лайн шаклда ташкил қилинади;
- ҳар қандай оммавий тадбирлар (конференциялар, Наврўз байрами ва б.) ўтказиш тақиқланади, ОТМ илмий кенгаши йиғилиши ихчамлаштирилган таркибда ўтказилади, ихтисослашган кенгашлар фаолияти бундан мустасно;
- ОТМлар ва вазирлик ўртасида узлуксиз ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.
ОЎМТВ ахборот хизмати.