Таълим соҳасига берилган эътибор муаллимлардан янада фидойиликни талаб қилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини халқ таълими тизими ходимлари катта қизиқиш ва зўр ҳаяжон билан кузатди.

Мурожаатномада кўтарилган барча масалалар, белгиланган вазифалар ўта муҳимлиги билан аҳамиятли. Айниқса, Президентимиз томонидан 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим”, деб ном берилиши, юртимизда барча ислоҳотлар замири “Инсон қадри учун” деган тамойилига асосланишини яна бир бор исботлади. Бугун мамлакатимизда илм-фаннинг ривожланиши, юртимизнинг замонавий технологиялар асосида равнақ топишида таълим тизимига эътиборни кучайтириш энг долзарб масала ҳисобланади.

Юртбошимиз Мурожаатномада "Тақдиримизни муаллим, мураббий ҳал қилади", дея таъкидладилар. Бу ишонч ўз навбатида таълим тизимида фаолият кўрсатаётган ходимлар зиммасига улкан масъулият юклайди.

Мурожаатномада Президентимиз "2023 йилда Ўзбекистонда 70 та янги мактаб қурилади, 460 та мактаб кенгайтирилади. Икки сменалик таълимни йўқ қиламиз”, дея таъкидлади.

Ушбу белгиланган вазифа жорий йилда амалга оширилган ишларнинг мантиқий давоми, десам муболаға бўлмайди. Хусусан, кейинги йилларда юртимизда таълим тизимига эътибор боис Самарқанд вилоятида 2022 йилда Инвестиция дастури асосида 40 та умумтаълим мактабида (2 та янги мактаб қурилиши, 29 та реконструкция ва 9 та мукаммал таъмирлаш) қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мазкур қурилишларга 197 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Шунингдек, Қўшработ туманидаги 65-, 75- ҳамда Нуробод туманидаги 39-мактаб филиалларига сендвич панелли янги бинолар қуриб берилди. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги 59- ҳамда 60-сонли махсус мактаб интернатларининг мавжуд бинолари таъмирланиб, қўшимча ўқув бинолари бунёд этилди. Таълим масканларининг қурилиши янги йилда ҳам давом эттирилиши биз, соҳа ходимларини янада қувонтирса, Мурожаатномада белгиланган вазифалар масъулият билан ишлашга ундайди.

Шокир Султонов,
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи.