Таниб бўлмас Саакашвили узоқ танаффусдан сўнг Тбилиси суди мажлисида пайдо бўлди, Зеленский уни Украинага қайтаришга чақирмоқда
Кеча, 3 июль куни Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили узоқ танаффусдан сўнг биринчи марта 2007 йилдаги митингни тарқатишда айбланиб, унга қарши қўзғатилган иш кўриб чиқилаётган Тбилиси суди мажлисида видеоалоқа орқали иштирок этди. Суд залидан олинган суратда 2021 йил октябрь ойидан бери ҳибсда сақланаётган Грузиянинг собиқ президенти қанчалик озганлиги кўриниб турибди.
Грузияни 2004 йилдан 2013 йилга қадар бошқарган Саакашвили кейинчалик иш фаолиятини Украинада давом эттирган. У чегарани кесиб ўтиб, Грузияга қайтганидан кейин муқаддам судлангани учун 2021 кузидан бери ҳибсда. Бу даврда Саакашвили у ёки бу сабабларга кўра бир неча марта очлик эълон қилган.
Қамоқхонада Саакашвилининг соғлиғи даражаси даражада ёмонлашган. 2022 йил май ойидан бери сиёсатчи Тбилисидаги "Вивамед" клиникасида даволанади. Суд мажлисларида 20 нафар шифокор Саакашвилининг аҳволи оғирлигини маълум қилган.
Украина президенти Владимир Зеленский Грузия собиқ президентининг тармоқда пайдо бўлган суратларига изоҳ бериб, “Россия ҳозирда Украина фуқароси Михаил Саакашвилини Грузия расмийлари қўли билан ўлдирмоқда”, деди ва уни бир неча бор Украинага қайтаришга чақирганини эслатди. Бу сафар Зеленский Грузиянинг Украинадаги элчисини чақириб, унга кескин норозилик билдириш ва раҳбарияти билан маслаҳатлашиш учун мамлакатни тарк этишни таклиф қилишни ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебага топширган.