"У абадий ўтириши керак": Саакашвилининг мухолифлари қамоқхона яқинида митинг ўтказди
Грузиянинг собиқ лидери Михаил Саакашвили мухолифлари сиёсатчи сақланаётган Рустави шаҳридаги қамоқхона атрофида тўпланди ва уни президентлик даврида репрессияларда айблашди, дея хабар беради Sputnik Грузия.
"Грузияда кўпчилик ўзига нисбатан репрессия ва сиёсий таъқибларни бошидан кечиришига тўғри келди. Биз ўша йилларда нима бўлганини жамоатчиликка эслатиш учун акция уюштирдик. У қамоқдан чиқмайди", деди митингда Саакашвилига мурожаат қилган собиқ сиёсий маҳбус Тристан Цителашвили.
Йиғилганлар Саакашвилига мурожаат қилиб, "қотил" ва "азоб берувчи" дея бақиришди. Бундан ташқари, намойишчилар собиқ президентга муддатсиз жазо берилишини талаб қилди.
"У абадий ўтириши керак", деди 2004 йилда махсус операция пайтида отиб ўлдирилган Бута Робакидзенинг онаси Ия Метревели.
Михаил Саакашвили 1 октябрь куни Грузияда ҳибсга олинган эди. Маълум қилинишича, собиқ президентга иккита якуний ҳукм чиқарилган. Булар - Сандро Гиргвлианининг ўлдирилиши ва депутат Валерий Гелашвилининг калтакланиши.